Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон: Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга уринган ҳар қандай кема нишонга олиниши мумкин
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га яқин манбалар тарқатган баёнотда Ҳўрмуз бўғози “ёпилгани” ва у ердан ўтишга ҳаракат қилган кемаларга ўқ узилиши мумкинлиги айтилди. Бироқ расмий каналлар орқали бўғоз ёпилгани ҳақида ҳозирча ҳуқуқий кучга эга расмий хабар келмагани билдирилмоқда.
Фото: REUTERS/Amr Alfiky
Эронлик генерал Сардар Жабарий Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишга уринган “ҳар қандай кема”га ҳужум қилиниши мумкинлигини айтгани ҳақида маҳаллий ОАВ хабар тарқатди. Бу ҳақда Reuters ҳам ахборот берди.
Шу билан бирга, Буюк Британия Денгиз савдоси операциялари маркази — UKMTO 1 мартдаги огоҳлантиришида Ҳўрмуз бўғози расман ёпилгани ҳақида NAVAREA/IMO каби тан олинган денгиз хавфсизлиги каналлари орқали расмий билдириш келиб тушмаганини қайд этди. UKMTO, шунингдек, VHF орқали “транзит чекланди” деган радиомурожаатлар халқаро денгиз ҳуқуқи нуқтаи назаридан транзит ўтишни “расман тўхтатиш” ҳисобланмаслигини таъкидлаган.
АҚШ Денгиз маъмурияти (MARAD) ҳам Ҳўрмуз бўғози, Форс кўрфази ва Уммон кўрфазида ҳарбий ҳаракатлар ва эҳтимолий жавоб зарбалари хавфи ошгани бўйича огоҳлантириш чиқарган ва ҳозирча у “фаол” мақомда экани кўрсатилган.
Мутахассислар эслатишича, Ҳўрмуз бўғози — жаҳон энергетика логистикасидаги энг муҳим нуқталардан бири: у орқали дунё нефт оқимининг катта қисми, шунингдек СТГ савдосининг сезиларли улуши ўтади.