Жаҳон | 13:10 / 03.03.2026
2162
3 дақиқада ўқилади

Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятини тақиқлади

Яқин Шарқдаги можаро кескинлашган бир пайтда, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятига “тақиқ” жорий қилди. Ушбу гуруҳнинг ҳар қандай ҳарбий амалиётлари ва хавфсизлик соҳасидаги ҳаракатлари энди “ноқонуний” ҳисобланади, деди мамлакат бош вазири Наваф Салом 2 март, душанба куни телевидение орқали мурожаатида.

Фото: Mohamed Azakir/REUTERS

Унинг айтишича, “Ҳизбуллоҳ” жангчилари қуролсизланиши керак бўлади. Салом гуруҳ аъзоларидан қуролларни давлатга топширишни талаб қилди. Журналистлар келтиришича, Салом “Ҳизбуллоҳ” фаолиятини “фақат сиёсий соҳа” билан чеклаш ниятида.

Ливан ҳукуматининг бу қарори гуруҳнинг мақомини — ливанликларнинг бир қисми орасидаги “қаршилик ҳаракати” мақомидан ноқонуний ҳарбийлашган тузилма мақомига ўзгартиради, деб қайд этади dpa. Қарор Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилгани учун “қасос” сифатида Исроилга ракета зарбалари бериб, дронлар орқали ҳам ҳужумлар амалга оширганидан кейин қабул қилинган. Исроил ҳарбийларига кўра, ракеталардан бири тутиб қолинган, яна бир нечтаси эса очиқ ҳудудларга тушган.

Ўқ узишлардан сўнг Исроил жавоб зарбаларини берган. Исроил ҲҲК Байрутнинг “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги жанубий туманларига кучли ҳаво зарбаларини йўлламоқда. Шу билан бирга, Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) вакили Ливанда тез орада қуруқликдаги амалиётни бошлаш режаси йўқлигини айтди.

Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац X ижтимоий тармоғида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси шайх Наим Қосим Исроил зарбалари учун ҳарбий нишон эканини ёзди. У Қосимни Эрон олий раҳбари каби “жаҳаннамнинг энг тубига юбориш” билан таҳдид қилди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши эса давом этмоқда. 28 феврал куни эрталаб Исроил ва АҚШ Эрон ҳудудига зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирган. У Эрон армиясини қурол ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда камида 555 киши ҳалок бўлган. Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлгани тасдиқланган. Эрон жавобан Исроил ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар ҳудудига зарбалар берган. Шунингдек, Эрон дрони Кипрдаги Британия авиабазасига ҳужум қилгани маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид