Жаҳон | 14:55 / 03.03.2026
3000
3 дақиқада ўқилади

Саудиядаги йирик нефт заводи дрон зарбасидан сўнг ишини тўхтатди

Саудия Арабистонининг давлат нефт компанияси Saudi Aramco дронлар ҳужумидан кейин Ras Tanura нефтни қайта ишлаш мажмуаси фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Яқин Шарқдаги энг йирик НҚЗдан бирида ёнғин чиққан. Жабрланганлар йўқ.

Фото: Reuters

Саудиянинг давлат нефт компанияси Saudi Aramco дронлар ҳужумига учраганидан кейин Ras Tanura нефтни қайта ишлаш мажмуасининг ишини тўхтатди. Бу ҳақда 2 март, душанба куни Reuters агентлиги соҳадаги манбага таяниб хабар берди.

Корхона устида иккита учувчисиз аппарат ушлаб қолинган, уларнинг бўлаклари тушиши натижасида кичик ёнғин чиққан, деди Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги вакили Al Arabiya телеканали эфирида. У жабрланганлар йўқлигини қўшимча қилди.

Форс кўрфази соҳилидаги Рас-Танура шаҳрида жойлашган нефтни қайта ишлаш мажмуаси Яқин Шарқдаги энг йирик НҚЗдан бири бўлиб, унинг қуввати кунига 550 000 баррелни ташкил этади. Шунингдек, у Саудия нефтини экспорт қилиш учун муҳим терминал ҳисобланади.

Reuters агентлигига Verisk Maplecroft консалтинг компаниясининг Яқин Шарқ бўйича бош таҳлилчиси Торборн Солтведтнинг айтишича, Ras Tanura НҚЗга берилган зарба “можаронинг сезиларли даражада кескинлашганини англатади, чунки Форс кўрфазидаги энергетика инфратузилмаси энди Эрон зарбалари етиб борадиган масофада қолмоқда”. У бу ҳужум Саудия Арабистони ва минтақанинг бошқа давлатларини ҳам АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётига қўшилишга ундаши мумкин, деб тахмин қилди.

Рас-Танурадаги НҚЗнинг ёпилиши жаҳонда нефт ва нефт маҳсулотлари таъминоти бўйича хавотирларни янада кучайтирди. Бундан олдин Эрон Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновини чеклай бошлаган, бу бўғоз орқали глобал нефт экспортининг тахминан бешдан бир қисми ўтар эди. 1 март куни шу ҳудудда нефт ташувчи танкерга ҳужум қилинган ва у ёниб кетган. 2 март куни Brent маркали нефт фючерслари 10 фоиздан кўпроққа ошган.

28 феврал куни эрталаб Исроил ва АҚШ Теҳрон ҳамда Эрон ҳудудидаги бошқа нуқталарга зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирган. У Эрон армиясини қурол ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода, Бош штаб бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавобан Исроил ва Яқин Шарқнинг бошқа давлатлари ҳудудига зарбалар берган, у ерларда ҳам қурбонлар бор. 2 мартга ўтар кечаси Эрон дрони Кипрдаги Британия авиабазасига ҳужум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид