Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия Украинага газ етказиб бераётгани ҳақидаги даъволарни рад этди
Германиядаги мухолифат Берлин Германиянинг ўз газ захиралари паст бўлишига қарамай, Киевга “немис газини” етказиб бераётганини маълум қилди. Германия ҳукумати буни рад этди ва мамлакат орқали фақат транзит оқимлари ўтаётганини билдирди.
Немис газ омборларида захиралар паст бўлганига қарамай, Берлин Украинага Германияга тегишли газни етказиб бермаяпти. Рюген оролидаги СТГ терминали орқали фақат транзит тартибида АҚШ гази ўтмоқда: уни Украина компанияси “Нафтогаз” Франциянинг TotalEnergies компаниясидан сотиб олган. Бу ҳақда душанба, 2 март куни Bayerischer Rundfunk (BR24) медиакомпанияси хабар берди.
“Бу даъвонинг ҳеч қандай асоси йўқ”, — дея маълум қилди BR24’га Германия ҳукумати вакиллари. Шу тариқа улар “Германия учун муқобил” (ГуМ) партияси ҳамраисларидан бири Алис Вайдел ва “Сара Вагенкнехт иттифоқи” партиясидан Сара Вагенкнехт тарқатаётган иддаоларга муносабат билдирди.
Феврал охирида Вайдел шундай деганди: “Германияда газ омборлари деярли бўш, лекин барибир (ГФР канцлери Фридрих — таҳр.) Мерц қолган газни Украинага жўнатишга қарор қилди”. Бу сўзлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Худди шу пайтда Вагенкнехт ҳам шунга ўхшаш видеоролик билан чиқиш қилган.
BR24 эслатишича, Германия ТИВ ҳамда иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги бу айбловларни аввал ҳам рад этган. Иқтисодиёт вазирлиги Bild газетасига: Германия “Украинага газ етказиб беришни, жумладан немис–украин энергетик ҳамкорлиги доирасида ҳам, молиялаштирмайди ва мувофиқлаштирмайди”, деб тушунтирган. Шунингдек, улар Рюгендаги СТГ терминали ҳолати “бозор иқтисодиётидаги оддий товар оқимлари” эканини таъкидлаган. Вазирлик: “Германия етказиб бермоқда” деган ифода янглиш тасаввур уйғотади”, — дея қайд этган.
Германия ТИВ раҳбари Йоханн Вадефул ўшанда Вайделнинг сўзларини “уятсиз” ёлғон, шунингдек “россияпараст пропаганда” деб атаган.
BR24 тушунтиришича, можарога 23 февралдаги хабар сабаб бўлган: “Нафтогаз” TotalEnergies’дан газ сотиб олиш бўйича келишиб олганини маълум қилган. TotalEnergies АҚШдан денгиз танкерларида суюлтирилган табиий газни (СТГ) Германиянинг Рюген оролига етказади. У ерда газ қайта газлаштирилади (регазификация қилинади) ва кейин Германия ҳамда Полша орқали газ қувурлари билан Украинага узатилади.
— Гап давлатники эмас, тижорий СТГ терминали орқали импорт ҳақида, — деб тушунтирди BR24’га Германия иқтисодий тадқиқотлар институтининг энергетика бўйича эксперти Франциска Холц. — Биз фақат СТГ учун транзит ҳудуд вазифасини бажаряпмиз. Баланс нуқтаи назаридан, газ бутун вақт украин ‘Нафтогаз’ига тегишли бўлиб қолади.
Германия Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur) BR24’га маълум қилишича, назарий жиҳатдан немис газ омборларидан Украинага газ етказиб бериш ҳам мумкин. Чунки Германияда газни сақлаш ва сотиш билан хусусий трейдерлар ва компаниялар шуғулланади. Агар бу улар учун манфаатли бўлса, улар украин контрагентларига ҳам газ сотиши мумкин. Аксинча ҳам бўлиши мумкин: немис компаниялари Европанинг бошқа мамлакатларида газни сақлаб, кейин уни Германияга юбориши.
“Газ захиралари даражаси билан газ терминал орқали Украинага ёки бошқа Европа мамлакатларига кетяптими-йўқми — бу иккиси ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ”, — дея маълум қилинди Bundesnetzagentur’да. Улар Германияда қўшимча ҳажмларда газ импорт қилиш имкониятлари етарли эканини, Украинага транзит етказиб беришлар бу имкониятларга умуман таъсир қилмаслигини таъкидлади.
“Украина ҳам Европа (газ — таҳр.) тармоғига уланган, — деди Франциска Холц. — Ўртача олганда, ўтган йили Германиядаги СТГ терминалларида регазификация қувватларининг 50 фоизи ишлатилмай қолган. Энди ‘Нафтогаз’ уларнинг бир қисмидан фойдаланяпти”.
Мавзуга оид
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
15:51 / 17.06.2026
Россия ичкарисига дрон ҳужумлари билан Украина нимага эришяпти?
10:05 / 17.06.2026