Ўзбекистон | 15:43 / 04.03.2026
1103
1 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар ўртасида киберспорт, дрон ва робот мусобақалари ўтказилади

“Ўзбекистон Қуролли кучларида киберспорт, дрон ва робот технологиялари йўналишидаги спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, ҳарбийлар ўртасида киберспорт, дрон ва робот технологиялари бўйича мусобақалар ташкил этилади.

Фото: УзА

Қарорга мувофиқ, Қуролли кучлар тизимида замонавий технологияларга асосланган спорт йўналишларини ривожлантириш мақсадида мусобақалар қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

  • киберспорт йўналиши;
  • дрон технологиялари йўналиши;
  • робот технологиялари йўналиши.

Мусобақалар ҳар йили уч босқичда ташкил этилади.

  • 1-босқич — ҳар йили август ойида вазирлик ва идораларда “Ҳарбий қисм (муассаса) командири (бошлиғи) кубоги” ички мусобақаси.
  • 2-босқич — ҳар йили октябр ойида “Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кубоги” мусобақаси.
  • 3-босқич — ҳар йили декабр ойида “Мудофаа вазири кубоги” мусобақаси.

Маълум қилинишича, мазкур мусобақалар Қуролли кучларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш, инновацион йўналишлардаги қобилиятларни ривожлантириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг амалий тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид