Жаҳон | 12:55
1911
6 дақиқада ўқилади

Трамп Испанияга тўлиқ савдо эмбаргоси жорий этмоқчи

НАТО аъзоси бўлган Испания АҚШ ҳарбийларига Эронга зарба бериш билан боғлиқ миссиялар учун ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермади. Бундан ғазабланган Доналд Трамп Европадаги иттифоқчисига нисбатан тўлиқ савдо эмбаргоси билан таҳдид қилди.

Испания жанубидаги Морон авиабазасида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing KC-135 Stratotanker самолёти ҳаракатланмоқда. Фото: Reuters / Архив сурати

Бир неча кун олдин Испаниянинг социалистик раҳбарияти базалардан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини эълон қилди. Шундан кейин АҚШ Испания жанубидаги Рота ва Морон ҳарбий базаларидан 15 та самолётни, жумладан, ҳавода ёқилғи қуювчи танкерларни бошқа жойга кўчирди.

«Испания ўзини даҳшатли тутди», - деди Трамп 3 март куни Германия канцлери Фридрих Мерц билан Оқ уйдаги учрашувда. У АҚШ Молия вазири Скотт Бессентга Испания билан «барча алоқаларни узиш» ҳақида кўрсатма берганини қўшимча қилди.

«Биз Испания билан барча савдо алоқаларини тўхтатамиз. Бизнинг Испания билан ҳеч қандай ишимиз бўлишини хоҳламайман», дея Трампдан иқтибос келтирмоқда Reuters нашри.

Трамп очиқчасига Скотт Бессент ва АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирдан Испания билан савдони тўхтатиш бўйича фикрларини сўради. Грир бунга жавобан: «жаноб, менимча, биз буни сиз билан ҳали маслаҳатлашамиз. Биз буни қўллай олишингизни биламиз ва агар миллий ҳамда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш учун керак бўлса, буни қиламиз», - деган.

Бессентнинг қўшимча қилишича, Савдо вазирлиги Испанияни бошқа савдо қонунлари асосида жазолаш йўлларини текширишни бошлайди.

«Испания билан боғлиқ барча бизнесни тўхтатишга ҳуқуқим бор. Эмбарго — нима хоҳласам шуни қила оламан. Биз буни Испания билан амалга оширишимиз мумкин», - деган Трамп. Шунингдек, у ўтган ойда Олий суд унинг глобал тарифларини миллий фавқулодда ҳолатлар қонунига биноан ноқонуний деб топганидан ғазабда эканини яна бир бор билдирди.

Мерц Испанияни ҳимоя қилгандек кўринди

Оқ уйдаги журналистлар билан савол-жавобда Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам бор. Ёпиқ учрашувдан сўнг Мерц журналистларга изоҳ берди. У Трамп билан ёпиқ мулоқотда «Испанияни ўтган йили эришилган Европа–АҚШ савдо келишувидан чиқариб ташлаб бўлмаслигини» айтганини билдирди.

Германия канцлери Фридрих Мерц ва Доналд Трамп / Фото: EPA

«Мен Испания Европа Иттифоқи аъзоси эканлигини, биз АҚШ билан тарифлар бўйича музокараларни фақат биргаликда ёки умуман олиб бормаслигимизни айтдим», деди Мерц. «Испанияга нисбатан алоҳида ёмон муносабатда бўлишнинг иложи йўқ», дея қўшимча қилди у.

Трамп эса Испаниядан шунчалик жаҳли чиққан эдики, унинг бошқа «айбларини» ҳам эслаб ўтди. Хусусан, Испания мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш ҳақидаги АҚШ талабини рад этгани учун «Испанияда бизга керакли бўлган мутлақо ҳеч нарса йўқ», деди.

Мерцнинг сўзларига кўра, Испанияга мудофаа харажатлари бўйича Европанинг ўзидан ҳам босим ўтказилмоқда. «Биз Испанияни НАТОда келишилган 3 фоиз ёки 3,5 фоиз даражасига етиб олишга кўндиришга ҳаракат қиляпмиз», деди. Аммо Испаниянинг мудофаа харажатлари масаласи – савдо музокараларига алоқаси йўқ.

Ҳуқуқий тўсиқлар

Жоржтаун университети профессори Женнифер Хиллманнинг Reutersʼга таъкидлашича, Олий суд президентнинг тегишли қонунлар доирасида эмбарго жорий этиш қобилиятини бевосита кўриб чиқмаган. Трамп буни амалга ошириши мумкин, аммо у Испанияни АҚШ учун «ғайритабиий ва фавқулодда таҳдид» деб эълон қилиши керак бўлади. Унинг фикрича, бу аввалги фавқулодда ҳолатлардан анча четга чиқиш бўлади.

«Испания ўз ҳудудидаги базалардан Эронга асоссиз ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат бермаслиги – қандай қилиб миллий хавфсизлигимизга «ғайритабиий ва фавқулодда таҳдид» солиши мумкинлигини тушуниш қийин», — дея қўшимча қилди Ню Йорк университети профессори Питер Шейн.

Испания муносабати

Испания ҳукумати ўз баёнотида АҚШ хусусий бизнес мустақиллигини, халқаро ҳуқуқни ҳамда Европа Иттифоқи билан икки томонлама савдо шартномаларини ёдда тутиши кераклигини таъкидлади.

Мадрид потенциал савдо эмбаргоси таъсирини юмшатиш ва зарур соҳаларни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурсларга эга эканини, аммо ҳамкорлар билан эркин савдо ва иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришини билдирди.

Испания бош вазири Педро Санчес / Фото: Reuters

Испания дунёдаги энг йирик зайтун мойи экспортчиси ҳисобланади. Шунингдек, испанлар АҚШга автомобил эҳтиёт қисмлари, пўлат ва кимёвий маҳсулотлар сотади.

Reutersʼнинг ёзишича, Испания – Трампнинг иқтисодий жазо таҳдидлари қаршисида бошқа Европа давлатларига қараганда камроқ таъсирланади.

Хусусан, АҚШ томони маълумотларига кўра, 2025 йилда АҚШ Испания билан савдода тўртинчи йил кетма-кет 4,8 миллиард долларлик ижобий балансга эга бўлган. АҚШ экспорти 26,1 млрд доллар, импорти эса 21,3 млрд долларни ташкил этган. Сўнгги йилларда АҚШдан Испанияга хом нефт ва суюлтирилган табиий газ экспорти ортиб бормоқда.

Испания бош вазири Педро Санчес Европадаги сўл қарашли кам сонли раҳбарлардан. У қатор сиёсий қарорлари, жумладан, Исроилга қурол ташийдиган кемаларнинг Испания портларига тўхташини тақиқлаши билан ҳам Трампнинг ғазабига сабаб бўлган эди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид