Жаҳон | 07:32
5519
3 дақиқада ўқилади

Санкцияларга қарамай: Эрон нефти кимнинг бакларига қуйиляпти?

Эрон кўп йиллар давомида халқаро санкциялар остида. Трамп президентлиги даврида АҚШ босимни кучайтириб, кенг кўламли савдо тақиқини жорий қилди ҳамда Эрон билан ҳамкорлик қилган хорижий молия институтларини нишонга олди. Санкциялар кенгайиши натижасида Эрон — қазилма ёнилғининг асосий экспортёрларидан билан савдони давом эттиришга тайёр бўлган мамлакатлар доираси жуда тор бўлиб қолди.

Фото: Getty Images/Bloomberg

Янги инфографика Эрон божхонаси маълумотларига асосланган бўлиб, Эрон нефтининг энг йирик харидорларини кўрсатади. 2024 йилда Эрон нефт экспортидан 35,76 миллиард доллар даромад олди, бироқ бу савдонинг катта қисми бозор талаби эмас, балки геосиёсий мослашув билан белгиланади.

Хитой етказиб беришларнинг катта улушини олди — умумий экспортнинг 90 фоизидан ортиғи, ёки 32,5 миллиард доллар. Бошқа мамлакатлар халқаро санкциялар босими остида импортни қисқартирган бир пайтда, Хитой Эрон нефтини катта ҳажмларда сотиб олишда давом этди ва шу орқали Теҳроннинг энг асосий энергетик шериги мақомини мустаҳкамлади.

Хитойдан ташқари, харидлари 1 миллиард доллардан ошган ягона мамлакат Сурия бўлди: 2024 йилда у тахминан 1,2 миллиард долларлик нефт импорт қилди, бу умумий экспорт ҳажмининг 3,3 фоизига тенг. Ундан кейин Бирлашган Араб Амирликлари ва Венесуэла келади — мос равишда 2 фоиз ва 1,2 фоиз. Венесуэла мисолида энергетик ҳамкорлик Венесуэла нефтини Эрон конденсатига айирбошлаш бўйича келишувни ҳам ўз ичига олади — ҳар икки мамлакат АҚШ санкциялари остида экани шароитида.

Фото: Visual Capitalist

Сўнгги йилларда Эрон нефтини харид қилувчи мамлакатлар рўйхати сезиларли даражада қисқарди: санкциялар савдо оқимларининг йўналишларини ўзгартирди. 2010 йилда Эрон нефти йигирмадан ортиқ давлат портларига етиб борган, улар орасида Хитой, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея ҳамда бир қатор Европа мамлакатлари бўлган. Санкциялар экспортни тўлиқ тўхтатиб қўймади, аммо уни анча тор доирадаги харидорлар томон йўналтирди.

Бугун Эрон “соядаги флот” деб аталадиган тизимга таянади — янги байроқлар остида юрадиган танкерлар ва нефтини кемадан кемага (ship-to-ship) кўчириш схемалари орқали юкнинг келиб чиқишини яшириш ва чекловларни айланиб ўтиш имкони яратилади. Қўшимча рағбатлантирувчи омил — нарх: Эрон нефти одатда Brent'га нисбатан баррел учун 3–9 долларлик чегирма билан сотилади. Шу билан бирга, уни қазиб олиш таннархи нисбатан паст — баррел учун тахминан 10 доллар атрофида, ҳолбуки Brent нархи тахминан 60 доллар даражасида ушланиб турибди. Баҳолашларга кўра, бундай нарх чегирмаси Теҳронга ҳар йили бир неча миллиард доллар миқдоридаги йўқотилган тушумга тушади — чекланган харидорлар доирасини сақлаб қолиш учун ўзига хос “тўлов”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид