Спорт | 11:29
6403
8 дақиқада ўқилади

«Сити» очко йўқотди, «Арсенал» яна узоқлашмоқда. Кун ўйинлари

«МЮ» бир киши кўп бўлиб ўйнаб ютқазди, «Челси»да йирик ғалаба.

«Брайтон» – «Арсенал» 0:1
Гол:
Сака, 9 (0:1)
«Брайтон»: Вербрюгген, ван Ҳекке, Боскали, Ферди Кадиўғли, Виффер (Велтман, 77), Балеба (Айяри, 78), Гросс, Ҳиншелвуд (Уэлбек, 69), Митома (Минте, 46), Гомес (Ҳауэлл, 77), Рюттер
«Арсенал»: Райя, Москера (Калафиори, 64), Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Тимбер, Субименди (Норгар, 80), Райс, Эзе, Мартинелли (Троссар, 60), Сака, Йокереш (Ҳаверц, 59)
Огоҳлантиришлар: Гомес, 52. Боскали, 80. Ферди Кадиўғли, 82. Айяри, 90 – Москера, 11

Турнир жадвали пешқадамлари ўйин стартида гол ўтказиб юборишига бир бахя қолди – Балеба жарима майдони яқинида тўпни эгаллаб олди ва уни дарвозабон устидан ошириб ташлади, аммо Габриэл бўш дарвозага кетаётган тўпни тўсиб қолди. Бир неча дақиқа ўтиб «Арсенал»нинг ўзи тезкор гол билан ҳисобни очди. Саканинг зарбасидан кейин рикошет Фербрюггенни иложсиз аҳволда қолдирди. Бу гол ғалаба учун етарли бўлди. Ўйиннинг қолган қисмида лондонликлар ҳисобга қараб ўйнади ва якунда иккинчи ўрин билан орадаги фарқни етти очкога етказишди.

«Манчестер Сити» захирадаги бир ўйинида уч очко олган тақдирда ҳам Микел Артета жамоаси турнир жадвалида ўзини анча қулай ҳис қилиши мумкин.

«Манчестер Сити» – «Ноттингҳэм Форест» 2:2
Голлар:
Семенё, 31 (1:0). Гиббс-Уайт, 56 (1:1). Родри, 62 (2:1). Андерсон, 76 (2:2)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гейи, Айт Нури (Ҳусанов, 77), Матеус Нунес, Родри, Бернарду Силва, Фоден (Доку, 77), Шерки (Савио, 82), Ҳоланд, Семенё
«Ноттингҳэм Форест»: Селс, Миленкович, Мурило, Куня, Сангаре, Андерсон, Уилямс (Морату, 90), Айна, Гиббс-Уайт (Йейтс, 90), Домингес (Ҳадсон-Одои, 63), Игор Жезус (Авонийи, 79)
Огоҳлантиришлар: Сангаре, 45. Мурило, 60. Миленкович, 63. Селс, 90

Параллел ўйинда «канонирлар»нинг титул учун курашдаги асосий рақиби ярим соат давомида «Ноттингҳэм» мудофаасини ёриб ўтишга уринди ва ниҳоят буни уддалади: 31-дақиқада Гейи ҳам ҳужумга қўшилди, Шерки эса давомли финтлардан кейин тўпни жарима майдонига узатди, у ерда турган Семенё тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўллади. Фақат мезбонлар кейинги имкониятларидан фойдалана олишмади.

Иккинчи бўлим бошида аввалига Игор Жезус хавфли зарбаси билан огоҳлик қўнғироғини чалганди. Бироз ўтиб унинг узатмасидан кейин Гиббс-Уайт томонида йўллаган зарбаси билан Доннаруммани доғда қолдирди.

«Ўрмончилар» Родрининг голига ҳам жавоб қайтаришди. Одатда ҳимоявий ишлар билан машғул бўладиган Андерсон олис масофадан йўллаган кучли зарба қаршисида «шаҳарликлар» посбони ожиз қолди.

Ўйиндаги асосий драма финал ҳуштаги чалиниши арафасида рўй берди. Мезбонлар бир ҳужумнинг ўзида бир неча бор зарба беришди, дастлабки зарбалар ҳимоячилар тўсиғидан ўтмади, сўнггисини эса Мурило деярли дарвоза чизиғи устида қайтариб юборди.

Бу эпизод якунда чемпионлик тақдирини ўзгартирган эпизодга айланиши мумкин.

«Астон Вилла» – «Челси» 1:4
Голлар:
Дуглас Луис, 2 (1:0). Жоао Педро, 35 (1:1). Жоао Педро, 45+6 (1:2). Палмер, 55 (1:3). Жоао Педро, 64 (1:4)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Мингс, Матсен, Кэш (Богард, 46), Дуглас Луис (Баркли, 63), Онана, Роджерс, Буэндия (Санчо, 63), Бэйли (Алиссон, 63), Уоткинс (Абраҳам, 72)
«Челси»: Йергенсен, Чалоба, Фофана (Кукуреля, 79), Ҳато, Гюсто (Лавиа, 75), Жеймс, Кайседо, Фернандес (Адарабиойо, 79), Гарначо, Палмер (Сантос, 85), Жоао Педро (Делап, 85)
Огоҳлантиришлар: Кэш, 32. Роджерс, 58. Уоткинс, 68 – Жоао Педро, 54. Фернандес, 58

Чоршанба оқшомидаги марказий учрашувда «Челси» тезкор гол ўтказиб юборди: Бэйлининг дарвозабон майдончасига оширган узатмасини Дуглас Луиз голга айлантирди. Аммо бирмингҳэмликларнинг бразилиялик футболчисининг бу голига биринчи бўлимнинг ўзида лондонликлар сафидаги бошқа бир бразилиялик икки бор жавоб қайтарди. Биринчи ҳолатда Жоао Педро Гюстонинг қанотдан узатмасидан фойдаланиб, амалда бўш қолган дарвозани ишғол этди.

Бўлимга қўшиб берилган олтинчи дақиқада эса у Энцонинг узатмасини голга айлантирди. Бирмингҳэмликлар иккинчи бўлимда иккинчи голни уришганди, аммо Уоткинснинг тезкор қарши ҳужумда урган голи микроскопик офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Шундан кейин Палмер учинчи голни уриб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.

Қолган дақиқаларда «Астон Вилла» футболчилари олдинга ташланишди, вазиятлар яратишди, аммо яна гол ўтказиб юборишди. Мезбонлар тўлиқ куч билан олдинга ташланиши натижасида «Челси» ҳужум чизиғи вакиллари катта бўш ҳудудларга эга бўлишди ва навбатдаги қарши ҳужумда Палмер Педронинг учинчи голига ассистентлик қилди. Бу йирик ғалабадан кейин Лиам Росениор шогирдлари турнир жадвалидаги вазиятини яхшилаб олди. Биринчидан, лондонликлар бир кун олдин сенсацион равишда «Вулверҳэмптон»га ютқазиб қўйган «Ливерпул»дан қўшимча кўрсаткичлар эвазига ўзиб кетишди. Иккинчидан, энди тўртинчи ўриндаги «Вилла» билан орадаги фарқ атиги уч очкони ташкил этмоқда.

«Нюкасл Юнайтед» – «Манчестер Юнайтед» 2:1
Голлар:
Гордон, 45+6 – пеналти (1:0). Каземиро, 45+9 (1:1). Осула, 90 (2:1)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Тиау, Бёрн, Ҳолл, Триппиер, Тонали (Ботман, 90+7), Жоэлинтон, Рэмси, Барнс (Уиллок, 46), Эланга (Мёрфи, 84), Гордон (Осула, 85)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Йоро, Шоу (Далот, 61), Мазравий (Маласиа, 85), Каземиро (Угарте, 61), Майну (Диалло, 76), Бруну Фернандеш, Куня, Мбемо (Зиркзе, 77), Шешко
Огоҳлантиришлар: Рэмси, 26. Жоэлинтон, 38. Триппиер, 80 – Мбемо, 37. Шоу, 39. Мазравий, 64
Четлатиш: Рэмси, 45 (иккинчи сариқ)

«МЮ» беш йилдан буён «Сент-Жеймс Парк» ўйингоҳида ғалаба қозона олмаётганди ва бу сафар ҳам жамоа катта қийинчиликка учради. Хусусан, мезбонларнинг ҳужумларидан бирида Ламменс ўзини аямасдан Жейкоб Рэмсининг оёғига ташланишига тўғри келди. Рақиб ҳужумчиси эса бу вазиятда актёрлик маҳоратини ишга солди ва унга симуляция учун иккинчи сариқ карточка кўрсатилди. Лекин бир неча дақиқа ўтиб «Нюкасл» барибир пеналти ишлади ва Гордон ҳисобни очди.

Лекин сон жиҳатдан озчилик бир неча дақиқа ўтиб меҳмонлар томонидан ижро этилган стандарт вазият вақтида сезилиб қолди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган тўққизинчи дақиқада Каземиро Бруну Фернандешнинг узатмасидан ҳисобни тенглаштирди. Португалиялик бу орқали жорий мавсумдаги 14-ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди ва 26 йил муқаддам Дэвид Бекҳэм томонидан ўрнатилган клуб рекордини такрорлади. Агар жамоадошлари аниқроқ ҳаракат қилганида, рақиб дарвозасидаги Рамсдейл эса бир неча бор қаҳрамонлик кўрсатмаганида, Бруну бу рекордни янгилаган ҳам бўларди. Аммо ўйин охирида «қарғалар» кипери Зиркзенинг зарбасидан кейин «тўққизлик»ка кетаётган тўпни «олиб чиқди», захирадан ўйинга қўшилган Осула эса сўнгги дақиқада ғалаба голини урди. Ёш форвард қарши ҳужумда рақиб ҳимоячиларидан тезкорроқ ҳаракат қилди ва тўпни олис бурчакка аниқ йўналтириб, Ламменсни томошабинга айлантирди. Бу Майкла Кэррик учун «МЮ» бошқарувидаги илк мағлубиятга айланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид