Ўзбекистон | 11:38 / 05.03.2026
1612
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳар бир туманда биттадан экобоғ барпо этилади

Тошкент шаҳрида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва ҳар бир туманда биттадан экобоғ барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Бу президентнинг “Кўп квартирали турар жой мажмуаларини қуришда комплекс қурилиш механизмларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилади.

Фото: Freepik

Қарорга кўра, ҳудудларда яшил боғлар, экопарк ва хиёбонларни барпо этиш инвестиция компаниялари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, мазкур мақсадлар учун тегишли ҳудудларда давлат мулки объектлари ва ер участкаларини сотишдан маҳаллий бюджетга тушадиган маблағларнинг 10 фоизи, шунингдек маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг камида 5 фоизи мақсадли йўналтирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан 2028 йил 1 мартга қадар эксперимент тариқасида белгиланган ер участкаларда кўп квартирали уйларни комплекс қурилиш механизмлари асосида қуришни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Ташкил этилган инвестиция компаниялари эса тегишли ҳудудларда комплекс қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул ташкилот сифатида фаолият юритади.

Қарорда рақамли бошқарув ва шаффофлик масалалари ҳам белгиланган. Жумладан, 2027 йил 1 январдан кўп квартирали уйларнинг қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун “Шаффоф қурилиш” тизимида бериладиган рухсатнома Uy-joy ягона рақамли урбанизация платформасида идоралараро интеграция асосида автоматик равишда шакллантирилиши назарда тутилган.

Маълумот учун, ташаббус Тошкентда яшил инфратузилмани кучайтириш, аҳоли дам олиши учун қулай муҳит яратиш ва шаҳар ҳудудларини барқарор ривожлантиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид