Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Эрон уруши домино эффектига сабаб бўлиши мумкин” – таҳлилчилар
Яқин Шарқдаги уруш Марказий Осиё ва Ўзбекистон иқтисодиётига асосан билвосита таъсир қилади. Таҳлилчилар таъкидлашича, энергия нархларининг ошиши глобал инфляцияни кучайтириши ва экспорт талабини пасайтириши мумкин. Марказий Осиё юкларининг тахминан 10 фоизи Эрон орқали ўтади. Шу билан бирга, олтин нархи 19 фоизга ошгани Ўзбекистон учун ижобий омил бўлиши мумкин. Олтин Ўзбекистон экспорт улушининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.
Яқин Шарқдаги уруш глобал иқтисодиётга қандай таъсир қиляпти?
Валижон Тўрақулов: Нефт ва энергетика билан бевосита ишлайдиган соҳаларда бу вазият аллақачон сезила бошлаган. Аммо оддий одамларнинг кундалик ҳаётида ҳозирча катта таъсир кўринмаяпти. Бунинг сабаби шундаки, давлатлар ва компанияларда маълум миқдорда захира ресурслар мавжуд. Шу захиралар ҳисобига иқтисодиёт бир муддат ишлашда давом этади.
Лекин бундай инқирозларнинг ҳақиқий таъсири одатда бироз вақт ўтгач сезилади. Агар Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракати бир ой давомида чекланса ёки тўхтаса, бу жаҳон иқтисодиётига сезиларли зарба беради. Сабаби оддий: энергия иқтисодиётнинг қони ҳисобланади.
Логистика харажатлари бўладими, ишлаб чиқариш харажатлари, деярли барча жараён энергияга боғлиқ.
Таъминот занжири ҳам энергиясиз ишламайди. Энергия нархи ошса, у деярли барча маҳсулотлар таннархига таъсир қилади. Натижада инфляция кучаяди. Ҳозирги маълумотларга кўра, Ҳўрмуз бўғозидан ўтадиган танкерлар ҳаракати қарийб 80 фоизга камайган, фақат тахминан 20 фоизи ўтмоқда.
Шу сабабли нефт нархи ҳам тахминан 13 фоизга ошган. “Oxford Economics” ҳисоб-китобларига кўра, нефт нархи ҳар 10 фоизга ошса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти 0,1 фоизга камайиши мумкин. Фоиз жиҳатидан бу кичик кўриниши мумкин. Аммо жаҳон иқтисодиёти ҳажми тахминан 120 триллион доллар эканини ҳисобга олсак, бундай ўзгариш ҳам жуда катта йўқотишларга олиб келади.
Иқтисодчилар кўпинча шуни таъкидлайди: баъзан жуда кичик узилишлар ҳам катта оқибатларга сабаб бўлади. Масалан, бир пайтлар Samsung заводларидан бирида атиги 20 сониялик электр узилиши содир бўлган. Аммо шу қисқа узилиш бутун ишлаб чиқариш занжирини қайта тиклаш учун компанияга миллионлаб доллар зарар келтирган. Энди тасаввур қилинг, агар шундай узилиш жаҳон иқтисодиёти миқёсида юз берса, унинг оқибатлари анча катта бўлади.
Бундай жараёнлар кўпинча домино эффектига ўхшайди. Яъни бир жойдаги муаммо аста-секин бошқа соҳаларга ҳам тарқалади. Ҳозирги тахминларга кўра, энергия нархининг ошиши инфляцияни ҳам ошириши мумкин. “Federal Reserve” тадқиқотларига кўра, инфляция тахминан 0,15 фоиз бандга кўтарилиши эҳтимоли бор.
Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Осиё мамлакатлари бу вазиятдан кўпроқ зарар кўриши мумкин. Хусусан, нефт нархидаги зарба энг аввало Таиланд ва Жанубий Корея иқтисодиётига кучли таъсир қилиши кутилмоқда.
Хитой масаласига келадиган бўлсак, у Эрон нефтининг тахминан 80 фоизини сотиб олади. Бироқ бу Хитой импорт қиладиган умумий нефт ҳажмининг атиги 13 фоизини ташкил қилади. Бир қарашда бу катта улушдек кўринмаслиги мумкин. Аммо муаммо шундаки, айнан шу 13 фоиз бутун тизимда муҳим бўғин ҳисобланади.
Иқтисодиётда бундай ҳолат тор бўғин деб аталади. Агар шу бўғин узилса, бутун тизимнинг ишлаши секинлашади. Эрон яна нормал экспортга қайтгунича таъминот занжирини тиклаш ҳам осон бўлмайди.
Иқтисодий тизимни катта бир организмга ўхшатиш мумкин. Агар унинг бир қисми ишламай қолса, бутун тизим мувозанатдан чиқади. Уни яна тиклаш эса вақт, ресурс ва катта харажат талаб қилади.
Хитой “дунёнинг заводи” деб аталади. Агар шу заводга энергия етказиб беришда муаммолар пайдо бўлса, бу фақат Хитойнинг ўзига эмас, балки бутун жаҳон иқтисодиётига таъсир қилади. Чунки Хитойдаги ишлаб чиқариш пасайса, унинг таъсири глобал таъминот занжирларида ҳам сезилади.
Бу ерда яна икки муҳим жиҳат бор.
Биринчидан, давлатлар захира ресурсларидан фойдаланишни бошласа, бу бозорларда салбий кутилмаларни кучайтиради. Яъни энергия етишмовчилиги дарҳол юзага келмаса ҳам, келажак ҳақидаги хавотирлар инфляция босимини ошириши мумкин. Иккинчидан, глобал таъминот занжири ўзаро боғлиқ.
Масалан, Хитойда захира бўлиши мумкин, лекин кичик давлатларда бундай имконият йўқ.
Агар шу давлатларда ишлаб чиқариш пасайса ёки талаб камайиб кетса, бу охир-оқибат Хитой ишлаб чиқаришига ҳам таъсир қилади.
Шунинг учун ҳатто қисқа муддатли инқироз ҳам глобал иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатади. Ҳозирча бу таъсирнинг аниқ миқёси иқтисодий моделлар орқали баҳоланмоқда.
Шавкат Икромов: 1990 йилда Ироқ Кувайтга бостириб кирганди. Бу икки йирик нефт экспорт қилувчи давлат ўртасидаги можарога айланган ва Форс кўрфазидан нефт экспорти жиддий муаммоларга дуч келган. Натижада бундан энг катта зарарни Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги йирик иқтисодиётлар — Япония, Жанубий Корея ва Тайван кўрган. Бу жараёнларнинг иқтисодий таъсири дарҳол сезилмаган. Аммо вақт ўтиб, унинг оқибатлари чуқурлашган ва охир-оқибат 1997 йилдаги Осиё молиявий инқирозига ҳам таъсир кўрсатган омиллардан бири сифатида тилга олинади. Яъни иқтисодий жараёнлар кўпинча бирданига содир бўлмайди. Уларнинг таъсири йиллар ўтиб намоён бўлиши мумкин.
Ҳозирги вазиятни баҳолаётган экспертлар шуни айтадики, агар ҳарбий можаро икки ҳафта ичида тугаса, жаҳон иқтисодиётига катта зарба бўлмаслиги мумкин. Аммо уруш икки ҳафтадан кўпроқ давом этса, глобал иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсата бошлайди.
Масалан, Хитой денгиз орқали келадиган нефтга, айниқса, Яқин Шарқ нефтига сезиларли даражада боғлиқ. Шу билан бирга, Хитой катта нефт захираларига эга экани ҳақида тахминлар бор. Расмий маълумотлар тўлиқ очиқланмаган бўлса-да, айрим таҳлилларга кўра, бу захиралар мамлакатга тахминан бир йилга етиши мумкин.
Бундан ташқари, Хитой алтернатив манбаларга ҳам эга. Агар Яқин Шарқдан нефт импорти камайиб қолса, Россия ёки Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон орқали етказиб беришни кўпайтириш имконияти мавжуд. Яъни Хитой муқобил таъминот йўлларини олдиндан шакллантириб қўйган.
Ҳиндистон ҳам жаҳоннинг йирик иқтисодиётларидан бири ва нефт истеъмоли бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Сўнгги йилларда Ҳиндистон иқтисодиёти тез ўсмоқда.
Бироқ экспертлар фикрича, Ҳиндистоннинг энергетика захиралари Хитой ёки Япония даражасида эмас.
Ҳиндистон ҳукуматининг ўз маълумотларига кўра, мамлакат нефт ва газ импортисиз тахминан бир ой давомида ички эҳтиёжини қондира олади. Аммо ундан кейин захираларни қайта тўлдириш зарур бўлади ва айнан шу босқичда таъминот занжирида узилишлар юзага келиши мумкин. Кўпинча жаҳон иқтисодиётига таъсир ҳақида гап кетганда, асосий эътибор Хитойга қаратилади.
Чунки у “дунёнинг заводи” деб аталади. Аммо Ҳиндистон ҳам бугунги кунда глобал иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатиш даражасига етиб бормоқда. Яна бир муҳим иқтисодиёт Япония. У дунёдаги иккинчи йирик суюлтирилган газ истеъмолчиларидан бири ҳисобланади. Япония энергия ресурсларининг катта қисмини Яқин Шарқдан импорт қилади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат нефт импортининг қарийб 95 фоизи айнан шу минтақага тўғри келади.
Шу билан бирга, Япония ҳам стратегик захиралар яратган. Расмий маълумотларга кўра, бу захиралар тахминан бир йилга етиши мумкин. Бундан ташқари, Япония қайта тикланадиган энергия манбаларига фаол ўтмоқда ва бугунги кунда энергиянинг қарийб 20 фоиздан ортиғини алтернатив манбалардан олади.
Агар Хитой, Ҳиндистон ва Япония каби учта йирик иқтисодиётга қарайдиган бўлсак, қисқа муддатли уруш, яъни бир ёки икки ой давом этадиган можаро Хитой ва Япония иқтисодиётини кескин чайқатиб юбормаслиги мумкин. Бироқ Ҳиндистон учун вазият бироз мураккаброқ бўлиши эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, узоқ муддатли таъсир масаласи алоҳида муҳим. Экспертлар фикрича, бундай можароларнинг ҳақиқий иқтисодий оқибатлари кўпинча икки-уч йил ўтиб сезила бошлайди. Бундан ташқари, минтақада энергия ресурсларига жуда кучли боғланган давлатлар ҳам бор. Масалан, Жанубий Корея ва Тайван. Бу давлатлар технологик ишлаб чиқариш бўйича жуда муҳим рол ўйнайди.
Айниқса, Тайван ярим ўтказгичлар ва микрочиплар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон иқтисодиётида ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Уларнинг Яқин Шарқ энергия ресурсларига, айниқса, Қатар газига боғлиқлиги жуда юқори. Айрим баҳолашларга кўра, бу боғлиқлик деярли 100 фоизга яқинлашади. Энг муҳим жиҳати шундаки, бу давлатларда катта алтернатив манбалар ёки яширин захиралар мавжудлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Хитой ёки Ҳиндистон ҳақида эса баъзан ички захиралар ёки қўшимча конлар мавжудлиги ҳақидаги тахминлар айтилади. Аммо Тайван ва Жанубий Корея учун бундай имкониятлар деярли йўқ.
Шунинг учун ҳам бу давлатлар энергетика таъминотидаги ҳар қандай узилишларга нисбатан жуда сезгир ҳисобланади. Ва айнан шу мамлакатлар глобал ишлаб чиқариш занжирида муҳим рол ўйнагани сабабли, муаммо бутун жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсатиши мумкин.
Экспертлар ҳозирча эҳтиёткорона хулоса қилмоқда: агар можаро қисқа муддатда тугаса, дарҳол катта иқтисодий зарба сезилмаслиги мумкин. Аммо иқтисодий қонуниятларга кўра, бундай воқеалар барибир келажакда ўз таъсирини кўрсатади.
Бу уруш Марказий Осиё ва Ўзбекистон манфаатларига қандай таъсир қилади?
Валижон Тўрақулов: Бу масалани икки томондан салбий ва ижобий таъсирлар нуқтаи назаридан кўриш мумкин. Аввало, бундай геосиёсий инқирозлар Ўзбекистонга тўғридан тўғри эмас, асосан билвосита йўллар орқали таъсир қилади. Биринчи омил Хитой иқтисодиёти.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Агар Хитой иқтисодиёти секинлашса, бу Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. Чунки кўплаб хомашё ва ишлаб чиқариш компонентлари айнан Хитойдан импорт қилинади. Натижада ишлаб чиқариш жараёнларида ҳам секинлашув кузатилиши мумкин.
Иккинчи омил энергия нархларининг ошиши. Агар нефт ва газ нархлари ошса, бу глобал инфляцияни кучайтиради. Нархлар қимматлашганда эса жаҳон бозорида талаб пасаяди. Ўзбекистон экспортга йўналтирилган иқтисодиёт бўлгани учун глобал талабнинг пасайиши экспорт ҳажмига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Учинчи омил глобал молиявий оқимлар. Геосиёсий инқироз даврида инвесторлар хавфсиз активларга ўтишга ҳаракат қилади. Булар асосан олтин ва АҚШ давлат облигацияларидир. Бундай активларни сотиб олиш учун доллардан фойдаланилади, натижада долларга бўлган талаб ошади ва унинг курси мустаҳкамланади.
Доллар мустаҳкамланганда Ўзбекистонда ҳам унинг курси кўтарилиши мумкин. Бу эса импорт маҳсулотлари нархининг ошишига ва ички бозорда нархларнинг қимматлашишига олиб келади.
Яна бир масала логистика. Ўзбекистон учун энг яқин денгиз портларидан бири Бандар Аббос порти ҳисобланади. Бироқ Марказий Осиё давлатлари умумий логистикасининг тахминан 10 фоизи Эрон орқали ўтади. Агар бу улуш ҳар бир давлатга тақсимланса, Ўзбекистон учун тахминан 2-3 фоиз атрофида бўлади.
Бунинг асосий сабаби Эрон атрофидаги санкциялар. Кўплаб давлатлар юкларни Эрон орқали юборишга эҳтиёткорлик билан қарайди. Масалан, Ўзбекистон Австралия билан савдо қилмоқчи бўлса, айрим компаниялар юкларни Эрон орқали жўнатишга рози бўлмайди, чунки санкцияларга тушиш хавфи мавжуд.
Шу сабабли логистика жиҳатидан таъсир мавжуд бўлса-да, у нисбатан чекланган. Умуман олганда, салбий таъсирлар қуйидаги йўналишларда намоён бўлиши мумкин: энергия нархларининг ошиши, глобал инфляциянинг кучайиши, доллар курсининг кўтарилиши, экспорт бозорларида талабнинг пасайиши, айрим логистика йўналишларидаги узилишлар Буларнинг барчаси билвосита иқтисодий зарарлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, бундай вазият Ўзбекистон учун айрим потенциал иқтисодий имкониятларни ҳам яратиши мумкин.
Биринчидан, олтин нархининг ошиши. Геосиёсий инқироз даврида инвесторлар олтинни хавфсиз актив сифатида кўради. Шу сабабли унинг нархи кўтаради. Ҳозирги вазиятда олтин нархи тахминан 19 фоизга ошгани қайд этилмоқда.
Ўзбекистон экспортининг қарийб 30 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, олтин нархи ҳар 10 фоизга ошса, олтин экспорт қилувчи давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда, ялпи ички маҳсулот 0,7 тга ўсиши мумкин. Агар нарх 20 фоизга ошса, бу кўрсаткич 1,4 фоизга етиши мумкин. Масалан, иқтисодиёт 6 фоиз ўрнига 7,4 фоиз ўсиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Иккинчи омил Россия иқтисодиёти орқали билвосита таъсир. Агар нефт нархлари ошса, Россия бундан фойда кўради. Бу эса у ерда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг даромадларига ижобий таъсир қилиши мумкин. Ўзбекистонга юбориладиган пул ўтказмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 10-15 фоизини ташкил қилади. Шу сабабли мигрантлар даромадининг ошиши иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Учинчи омил Қозоғистон орқали иқтисодий фаоллик. Қозоғистон дунёда нефт захиралари бўйича 12-ўринда туради. Агар нефт нархлари ошса, Қозоғистон иқтисодиёти ҳам фойда кўради. Бу эса Ўзбекистон билан савдо ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин. Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторига киради.
Тўртинчи муҳим имконият транскаспий логистика йўналиши. Хитойдан Европага юк ташишда муқобил йўл сифатида кўрилаётган “Ўрта коридор” стратегик аҳамият касб этмоқда.
Агар Яқин Шарқдаги асосий денгиз йўлларида муаммолар юзага келса, масалан, Ҳўрмуз орқали нефт ташиш қийинлашса ёки Сувайш канали орқали юк оқими чекланса, юклар Африка қитъасини айланиб ўтишга мажбур бўлади. Бу эса транспорт харажатларини кескин оширади.
Шу сабабли Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташишда транскаспий йўналиши муҳим алтернатив маршрутга айланиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон учун транзит ва логистика соҳасида узоқ муддатли иқтисодий даромад келтириши эҳтимолини оширади.
Муҳими шундаки, логистика компаниялари бирор йўналишни ўзлаштириб олгач, кейинчалик ҳам ўша маршрутдан фойдаланишда давом этади. Шу сабабли бу имконият нафақат қисқа муддатли, балки узоқ муддатли иқтисодий фойда ҳам келтириши мумкин.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.