Жаҳон | 12:05 / 06.03.2026
2103
4 дақиқада ўқилади

Киев Венгрияни “Ощадбанк”нинг 7 нафар ходимини ўғирлашда айблади

«Бу жиноий тўда кучи. Бу давлат терроризми ва рэкет», — деди Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха.

Фото: Mykola Tys/ZUMAPRESS/picture alliance

Венгрия ҳокимияти етти нафар Украина фуқаросини гаровга олганини Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха 5 март, пайшанба куни маълум қилди. Унинг айтишича, гап давлатга қарашли “Ощадбанк” ходимлари ҳақида кетмоқда. Улар давлат банклари ўртасидаги мунтазам ташувлар доирасида Австрия ва Украина ўртасида икки инкассатор машинасида рейсни амалга оширган ва пул ҳамда қимматликларни ташиган.

«Сабаблар, шунингдек, уларнинг соғлиғи аҳволи ва улар билан боғланиш имконияти ҳозирга қадар номаълум. Амалда Венгрия гаровга одам олгани ва пулни ўғирлагани ҳақида гап кетмоқда. Агар бу бугун жаноб Орбан гапирган “куч” бўлса, у ҳолда бу жиноий тўданинг кучидир. Бу давлат терроризми ва рэкет», — деб ёзди Сибига X ижтимоий тармоғида ва Будапештга мазкур фуқароларни дарҳол озод қилиш талаби билан расмий нота юборилганини қайд этди.

“Ощадбанк” баёнот эълон қилиб, ўз ходимларининг ўғирланганини тасдиқлади. Ҳужжатда айтилишича, GPS сигнали маълумотларига кўра, айни пайтда банкнинг ноқонуний ушлаб турилган автомобиллари Будапешт марказида, Венгриянинг куч ишлатувчи тузилмаларидан бири яқинида қайд этилган.

“Ощадбанк” таъкидлашича, маблағлар ва қимматликларни ташиш Австриянинг “Райффайзенбанк”и билан тузилган халқаро келишув «доирасида ва уни бажариш мақсадида» амалга оширилган. Автомобилларда бўлган қимматликлар ҳажми 40 миллион АҚШ доллари, 35 миллион евро ва 9 килограмм олтинни ташкил этган.

“Ощадбанк” ходимларининг ушланиши билан боғлиқ ҳодисага Украина Миллий банки (УМБ) ҳам муносабат билдирди.

«Биз Венгрия ҳокимиятидан Украина фуқароларини зудлик билан озод қилишни, уларнинг ушланиши сабаблари бўйича расмий тушунтириш беришни, шунингдек, инкассатор автомобиллари ва тегишли юкнинг қаердалиги ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қиламиз», — дейилади УМБ баёнотида.

“Ощадбанк” ходимлари билан боғлиқ ҳодиса Венгрия ва Украина ўртасида Россиядан нефт етказиб бериш масаласидаги баҳс фонида юз берди. Яқин вақтгача бу етказиб беришлар, жумладан, Украина ҳудуди орқали ҳам ўтадиган “Дружба” қувури орқали амалга оширилар эди. Қувур Россия ҳужумлари оқибатида шикастланганидан кейин, парламент сайловлари арафасида турган Будапешт ҳукумати Киевдан уни имкон қадар тез таъмирлаш ва транзитни қайта тиклашни талаб қилди.

Украина томони “Дружба”ни тез таъмирлашнинг имкони йўқлигини айтмоқда, аммо бу Венгрияда, шунингдек қўшни Словакияда ҳам ишончсизлик уйғотмоқда.

Босимни кучайтириш учун Венгрия Россия ҳужумига учраган Украина учун ҳаётий муҳим бўлган Европа Иттифоқининг кўп миллионлик кредити ажратилишини тўсиб қўйди. Бунга жавобан, Украина президенти Володимир Зеленский ҳатто Венгрия бош вазири Виктор Орбанга ўз ҳарбийлари билан таҳдид ҳам қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид