Жаҳон | 12:43 / 06.03.2026
1448
2 дақиқада ўқилади

Полша Украинадан қочқинлар учун имтиёзлар ва нафақаларни қисқартирди

Полша 5 мартдан бошлаб Украинадан келган қочқинлар учун ижтимоий имтиёзлар ва нафақа тўловларини қисқартирди. Мамлакатда украинлар учун вақтинчалик ҳимоя мақоми 2027 йил 4 мартгача амал қилади.

Фото: Artur Widak/Anadolu/picture alliance

Полшада Украинадан келган қочқинларга ёрдамни қисқартириш ҳақидаги қонун кучга кирди. 5 март, пайшанба кундан бошлаб, урушдан қочиб келган украинлар мамлакатда бошқа хорижликлар билан бир хил қоидалар асосида яшайди. Шу билан бирга, Украина фуқаролари учун Полша ҳудудида қонуний равишда яшаш имконини берадиган вақтинчалик ҳимоя мақоми 2027 йил 4 мартгача узайтирилади.

Янги қонун ижтимоий имтиёзлар ва нафақа тўловларини чеклашни назарда тутади. Энди бепул тиббий ёрдам фақат вояга етмаганларга, ишлайдиган шахсларга, Украина қуролли кучларининг яраланган ҳарбийларига, қийноқ ва зўрлаш қурбонларига, шунингдек, алоҳида ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларига тақдим этилади.

Ишламайдиган шахслар Полшада яшовчи бошқа ишламайдиган хорижликлар билан бир хил даражадаги тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонун, шунингдек, қочқинларга жойлаштириш ва озиқ-овқат бўйича ёрдамни ҳам чеклайди — бундай ёрдам фақат алоҳида ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларига кўрсатилади.

Полша Россия агрессиясига қарши туришда Украинанинг энг ишончли тарафдорларидан бири ҳисобланади. Полша Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россиянинг 2022 йил феврал ойида бошланган тўлиқ миқёсли босқинидан 2024 йил декабригача Полшага тахминан 1,6 миллион украин келган — асосан аёллар ва болалар.

Полшада украин қочқинларини қўллаб-қувватлаш масаласидаги баҳслар 2025 йил май ойида ўнг-консерватив “Ҳуқуқ ва адолат” (ҲвА) партиясидан Карол Навроцкий президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейин кучайди. Навроцкий кўп жиҳатдан АҚШ президенти Доналд Трампга тақлид қилади. У украинлар учун ижтимоий ёрдам ҳақидаги қонунни бекор қилиш қарорини «Аввало Полша» шиори билан изоҳлади.

Полша жамоатчилигининг украин қочқинларига муносабати ҳам ўзгарди. 2026 йил январ ойида эълон қилинган сўров натижаларига кўра, ҳарбий қочқинларга ёрдамни полякларнинг атиги 48 фоизи қўллаб-қувватлайди, 46 фоизи эса бунга қарши.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид