Ўзбекистон | 12:37
3679
1 дақиқада ўқилади

Фарғона тумани солиқчиси 20 минг доллар билан ушланди

Фарғона тумани солиқ инспекцияси бош инспектори танишлари орқали тадбиркорга ер ажратиб бериш ваъдаси билан 101 минг доллар талаб қилиб, шундан 20 минг долларини олган вақтида қўлга олинди.

ДХХ эълон қилган кадрлар

Фарғона тумани солиқ инспекцияси бош инспектори тезкор тадбир вақтида қўлга олинди.

ДХХ хабарига кўра, у юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали туман ҳокимлиги захирасида бўлган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган 10 гектар ер майдонини наманганлик тадбиркорга келгусида сайёҳлик маскани ташкил этиши учун ажратиб бериш эвазига 95 минг доллар, ер майдони тоифасини ўзгартириб бериш эвазига 6 минг доллар (жами 101 минг доллар) талаб қилган.

ДХХ ва ИИВнинг Наманган вилояти бошқармалари ҳамкорлигида Янги Наманган туманида ўтказилган тезкор тадбирда, бош инспектор олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид