Жаҳон | 14:41
1507
6 дақиқада ўқилади

Минобдаги мактабга зарба: АҚШ гумон қилинмоқда

Reuters ёзишича, америкалик ҳарбий терговчилар Эрон жанубидаги Миноб шаҳридаги қизлар мактаби ҳудудидаги зарба учун АҚШ қўшинлари масъул бўлиши эҳтимолини юқори деб ҳисобламоқда. NYT эса бу ҳужум АҚШнинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси денгиз кучлари базасига берган зарбалари билан бир вақтга тўғри келганини ёзмоқда.

Фото: Abbas Zakeri/Mehr News/WANA/REUTERS

Америкалик ҳарбий терговчилар АҚШ қўшинлари Эрон жанубидаги Миноб шаҳридаги қизлар мактаби атрофидаги зарба учун жавобгар бўлиши эҳтимолини юқори деб ҳисобламоқда. Ислом Республикасининг давлат ОАВ маълумотига кўра, 28 феврал куни ракета тушиши оқибатида у ерда камида 175 киши, жумладан кўплаб болалар ҳалок бўлган. Бу ҳақда 5 март, пайшанба куни Reuters агентлиги икки нафар америкалик амалдорга таяниб хабар қилди.

Айни пайтда тергов ҳали якунланмаган ва терговчилар ҳозирча узил-кесил хулосага келмаган.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет 4 март куни америкалик ҳарбийлар ушбу ҳодисани текшираётганини тасдиқлади. “Биз, албатта, ҳеч қачон фуқаровий объектларни нишонга олмаймиз. Лекин биз буни ўрганяпмиз ва тергов қиляпмиз”, — деди у брифинг чоғида.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) вакили Надав Шошани эса 1 март куни журналистларга, 28 феврал куни “ушбу ҳудудда” Исроилнинг бирор ҳарбий операцияси бўлгани ҳақида “ҳозирча” унда маълумот йўқлигини айтган.

Шу билан бирга, The New York Times (NYT) ўз таҳлили натижаларига кўра, мактаб биноси яқин атрофда жойлашган ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК, Эрон қуролли кучларининг элита қисми) назоратидаги денгиз базасига қилинган ҳужумлар билан бир вақтда берилган юқори аниқликдаги зарба оқибатида жиддий шикастланганини хабар қилди.

NYT ёзишича, Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган, ИИМК базаси бор ҳудудда АҚШ кучлари денгиз нишонларига зарба бергани ҳақидаги расмий баёнотлар айнан шу ҳужумни, эҳтимол, АҚШ амалга оширганини тахмин қилиш имконини беради. Газета Planet Labs провайдерининг сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилган. Нашр аниқлашича, ўша кун Эронда иш ҳафтасининг бошланиши бўлгани учун зарба пайтида болалар ва ўқитувчилар синфхоналарда бўлган.

Суратларда камида олтита ИИМК биноси, шунингдек мактаб ҳам бир нечта юқори аниқликдаги зарбаларга учрагани кўринади. ИИМК денгиз базасидаги тўртта бино тўлиқ вайрон қилинган, яна иккита бино томида ҳам зарба излари кўринади.

Илгари АҚШ Ҳаво кучларида хизмат қилган ва Пентагонда фуқаровий қурбонлар масалалари бўйича катта маслаҳатчи сифатида ишлаган миллий хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Уэс Брайант мактаб “нишон сифатида нотўғри аниқланган” деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, америкалик ҳарбийлар объектга ҳужум қилганида у ерда кўп сонли фуқаролар бўлиши мумкинлигини англамаган.

Газетанинг аниқлаштиришича, Брайант Доналд Трамп маъмуриятига танқидий муносабатда.

Эроннинг Ҳурмузғон вилоятидаги Миноб шаҳрида жойлашган “Шажаре Тайебе” қизлар мактаби 28 феврал эрталаб вайрон қилинган. Миноб округи прокурорининг айтишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти ушбу мактаб ўқувчилари бўлган. Эронда мотам эълон қилинган.

Интернетда тарқалган ҳодиса жойига оид видеотасвирларнинг ҳақиқийлигини Reuters агентлиги, Британиянинг BBC медиакомпанияси, Американинг The Washington Post газетаси ва форс тилидаги фактчекинг хизмати Factnameh каби йирик ОАВ фактчекерлари тасдиқлади. Ёзувларда мактабнинг вайрон бўлган биноси, унинг устидан кўтарилаётган тутун ва у томон югураётган одамлар кўринган. Эрон ОАВ эълон қилган суратларда эса вайроналар орасида қонга беланган рюкзаклар ва қопларга солинган жасадлар кўринган.

АҚШ ва Исроил 28 феврал эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар бера бошлади. Ислом Республикаси бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқда Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган давлатларга дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Теҳроннинг таъкидлашича, Эрон зарбаларининг нишонлари айнан шу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базаларидир.

Эронда қурбонлар сони ҳақидаги баҳолар 500 нафардан 1000 нафардан ортиқ кишигача фарқ қилмоқда. Кувайтдаги Америка авиабазасига берилган зарба натижасида олти нафар америкалик аскар ҳалок бўлган. Исроилда 11 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Ливанда қурбонлар ҳақидаги маълумотлар 10 нафардан 50 нафардан ортиққача фарқ қилади. Уммон, Ироқ, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Кувайтда тахминан 10 киши ҳалок бўлган.

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияси натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда Ислом Республикасининг яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ўлдирилган. АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг янги раҳбариятини танлашда шахсан иштирок этиш ниятида эканини билдирди.

Ислом Республикаси олий раҳбари лавозимига асосий даъвогар сифатида ҳалок бўлган оятуллоҳнинг ўғли Мужтабо Хоминаий кўрилмоқда. Теҳрон ҳозирча айнан у бу лавозимни эгаллашини маълум қилмаган.

Европа Иттифоқи Яқин Шарқдаги воқеалар юзасидан жиддий ташвиш билдирди. Германия, Франция ва Буюк Британия етакчилари Эроннинг минтақа давлатларига қилган ҳужумларини қатъий қоралаб, Теҳронни музокараларга чақирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроил—АҚШ ҳужумларини, ҳам Эроннинг жавоб зарбаларини қоралаб, вазият назоратдан чиқиб кетиши хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид