Технология | 01:16
1465
3 дақиқада ўқилади

OpenAI компанияси GPT-5.4 моделини тақдим этди 

Моделнинг стандарт версияси API ва дастурчилар учун, GPT-5.4 Thinking версияси эса ChatGPT платформасида мураккаб мантиқий таҳлил ва фикр юритиш учун мўлжалланган. Шунингдек, юқори ҳисоблаш қуввати талаб қилинадиган мураккаб вазифалар учун GPT-5.4 Pro версияси ҳам ишлаб чиқилди.

Фото: Reuters

OpenAI компанияси ўзининг янги GPT-5.4 моделини тақдим этди. Компания маълумотига кўра, янги модел профессионал ва техник вазифаларни бажаришга мўлжалланган бўлиб, кучли фикрлаш, дастурлаш ва иш жараёнларини автоматлаштириш имкониятларини бир тизимга бирлаштиради.

Моделнинг стандарт версияси API ва дастурчилар учун, GPT-5.4 Thinking версияси эса ChatGPT платформасида мураккаб мантиқий таҳлил ва фикр юритиш учун мўлжалланган. Шунингдек, юқори ҳисоблаш қуввати талаб қилинадиган мураккаб вазифалар учун GPT-5.4 Pro версияси ҳам ишлаб чиқилди.

Компания GPT-5.4 ни ҳозиргача яратилган энг самарали моделлардан бири деб таърифламоқда. Таъкидланишича, ҳужжатлар билан ишлаш, электрон жадваллар, дастурлаш ва кўп босқичли вазифаларни бажаришда у юқори самарадорлик кўрсатган. 

Янги моделнинг самарадорлиги мустақил тестлар натижалари билан ҳам тасдиқланди. GPT-5.4 OSWorld-Verified ва WebArena Verified назорат тестларида рекорд натижаларга эришди. Бу тестлар сунъий интеллектнинг дастурий таъминот ва онлайн инструментлар билан ишлаш қобилиятини баҳолайди.

Mercor компанияси бош директори Брендан Фудининг сўзларига кўра, GPT-5.4 слайд-презентациялар, молиявий моделлар ва ҳуқуқий таҳлилий ҳужжатлар тайёрлашда юқори сифатли натижалар бериб, бошқа илғор моделларга нисбатан тезроқ ва арзонроқдир.

Бундан ташқари, моделнинг компьютерни тўғридан-тўғри бошқариш қобилияти ҳам кенгайтирилди. Codex ва API да СИ-агентларга иловалар билан ўзаро ишлаш ва турли тизимлар ўртасида мураккаб операцияларни бажариш имконини берувчи функция пайдо бўлди. Бу функция жараён давомида контекстни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Тест натижаларига кўра, GPT-5.4 Thinking версиясида модел томонидан алдаш эҳтимоли камроқ бўлиб, аниқлик даражаси ҳам ошган: GPT-5.2 билан солиштирганда, янги модел алоҳида фактлар бўйича 33 фоизга камроқ хатога йўл қўяди.  

ChatGPT версиясида модел аввал жавоб режасини кўрсатиши мумкин, бу эса фойдаланувчига жавоб йўналишини тўғрилаб, қўшимча саволларсиз яхшироқ натижа олиш имконини беради. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид