Спорт | 12:26 / 07.03.2026
3702
4 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Нефтчи»нинг зўр старти ва жадвал тубига тушган «Сўғдиёна»

Ўзбекистон Суперлигасида 2-тур ўйинлари ўтказилди. Амалдаги чемпион «Нефтчи» бош мураббий Исломбек Исмоилов қўл остида яна йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Про-Лигадан қайтган «Локомотив» 40 ёшли Анзур Исмоилов билан иккинчи ғалабасини нишонлади. ОКМК ва «Сўғдиёна» яна мағлуб бўлди, иккала жамоа бирорта гол урмаган ҳолда жадвал тубига тушди.

4-6 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 2-тур ўйинлари ўтказилди.

СУРХОН 0:3 НЕФТЧИ

Голлар: Стипе Перица, 40 (0:1), Стипе Перица, 48 (0:2), Йован Жокич, 73 (0:3)

Амалдаги чемпион «Нефтчи» бу сафар ҳам ишончли ўйин намойиш этиб, сафарда «Сурхон»ни 3:0 ҳисобида енгди. Исломбек Исмоилов шогирдлари 1-турда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонган эди. «Нефтчи» мусобақа жадвалида тўплар нисбатига кўра пешқадамлик қилмоқда. Фарғоналикларнинг хорватиялик ҳужумчиси Стипе Перица 3 та гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатини бошқариб турибди.

MAШЪАЛ 0:2 ЛОКОМОТИВ

Голлар: Анзур Исмоилов, 44 (0:1), Қувончбек Абраев 45+1 (0:2)

Четлатиш: Роман Хаджиев, 90+4 (Машъал)

Иккинчи ўринга кутилмаганда «Локомотив» кўтарилиб олди. «Темирйўлчилар» ўтган мавсумда Про-Лигада қийинчилик билан ғалаба қозониб, Суперлигага қайтган эди. Бош мураббий Мирко Йеличич мавсумлар оралиғида яхши таркиб тўплаган кўринади - дастлабки 2 турда ғалабага эришди. Бу гал сафарда «Машъал» мағлуб этилди. Голлардан бирига 40 ёшида ҳам навқирон Анзур Исмоилов муаллифлик қилди.

ҚЎҚОН-1912 1:2 ПАХТАКОР

Голлар: Достон Ҳамдамов, 49 (0:1), Пётр Паржишек, 56 (0:2), Тома Табатадзе, 90+5 пен (1:2)

«Пахтакор» ҳам мавсумни ишончли тарзда 2 та ғалаба билан бошлади. Тошкентликлар Қўқонда қийин ўйин ўтказди, бироқ 3 очко билан қайтадиган бўлди. Мезбонлар учун вазият яхши эмас – улар дастлабки 2 та ўйинда ҳам мағлубиятга учради.

НАВБАҲОР 0:1 БУХОРО

Гол: Велко Филипович, 73 (0:1)

«Бухоро» мавсум стартининг «кашфиёт»ларидан бири бўлди. Ўтган мавсумда Суперлигада аранг «жон сақлаб» қолган жамоа йилни яхши бошлади. 2 та ўйин – 2 та ғалаба. Бу бухороликларнинг сўнгги 15 йилдаги энг яхши натижаси. Александр Хомяков шогирдлари бу сафар Тимур Кападзе қўл остидаги «Навбаҳор»ни енгди ва пешқадамлар сафида бормоқда.

СЎҒДИЁНА 0:2 НАСАФ

Гол: Ойбек Рустамов, 14 (0:1), Шароф Муҳиддинов, 22 (0:2)

Ноаниқ пенальти: Люпчо Дориев, 73 (Сўғдиёна)

«Насаф» Жиззахда ишончли ғалабага эришди. Ўйин тақдирини биринчи бўлимдаги 2 та гол ҳал қилди. «Сўғдиёна» эса мавсумни жуда ёмон бошлади ва Суперлига жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди. Бош мураббий Иван Бошкович жамоани бундай руҳий чоҳдан олиб чиқа олармикан, кузатамиз.

ҚИЗИЛҚУМ 2:1 АНДИЖОН

Голлар: Жамбули Жигаури, 35 (1:0), Александре Андроникашвили, 76 (1:1), Ислом Кенжабоев, 80 (2:1)

Чемпионатни яхши бошлаган «Андижон» кутилмаганда «Қизилқум»га ютқазди. Бош мураббий Самвел Бабаян мавсумлар оралиғида яхши таркиб тўплади. Бироқ, жамоавий ўйинни созлаш учун унга вақт керак шекилли, 2-турдаёқ «қоқилди».

БУНЁДКОР 1:2 ДИНАМО

Голлар: Азизбек Амонов, 8 (0:1), Фирдавс Абдураҳмонов, 14 (0:2), Самандар Мавлонқулов, 83 (1:2)

«Динамо» 1-турдаги мағлубиятдан кейин мураккаб рақиб «Бунёдкор»ни мағлуб этди. «Қалдирғочлар» эса аксинча, дастлабки ғалабанинг давомийлигига эришолмади. Ўйиндан кейин «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов жамоа молиявий қийинчиликлар остида эканини, 4 ойдан бери маош берилмаётганидан шикоят қилди.

ХОРАЗМ 1:0 ОКМК

Гол: Диёрбек Ортиқбоев, 52 (1:0)

Турнинг яна бир кутилмаган натижаси Урганчда қайд этилди. «Хоразм» Суперлига доирасида илк маротаба ОКМК устидан ғалаба қозонди. Натижада, Миржалол Қосимов шогирдлари чемпионатни муваффақиятсиз – 2 та мағлубият билан бошлади. «Хоразм» дастлабки турдаги мағлубиятдан сўнг, жадвалдаги ўрнини бироз яхшилаб олди.

СУПЕРЛИГА ЖАДВАЛИ

СУПЕРЛИГА ТЎПУРАРЛАРИ

3-ТУР ЎЙИНЛАРИ

10 март

  • НЕФТЧИ – АНДИЖОН
  • МАШЪАЛ – ҚИЗИЛҚУМ
  • ПАХТАКОР – НАВБАҲОР

11 март

  • СУРХОН – БУНЁДКОР
  • ЛОКОМОТИВ – ҚЎҚОН-1912
  • БУХОРО – ХОРАЗМ

12 март

  • ОКМК – СЎҒДИЁНА
  • ДИНАМО – НАСАФ
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид