Жаҳон | 15:35 / 08.03.2026
16365
11 дақиқада ўқилади

Эронга қарши урушда иккинчи фронт. Ливанда нималар бўлмоқда?

Маҳаллий ҳукумат амалда ўз ҳудудига босқинни қўллаб-қувватлади.

Фото: Kawnat Haju / AFP / Scanpix / LETA

Яқин Шарқда бошланган катта урушдаги асосий фронт – Эрон ва Форс кўрфази мамлакатлари бўлмоқда. Аҳамияти бўйича иккинчиси эса – Ливан. Ва у ерда асосий фронтдагига қараганда анча олдинроқ кардинал сиёсий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Исроил яна «Ҳизбуллоҳ»га қарши уруш бошлади – ва бу сафар ушбу ташкилот узил-кесил тор-мор этилиши эҳтимоли ҳар қачонгидан кўра юқори.

«Ҳизбуллоҳ» – бир вақтнинг ўзида Ливандаги энг йирик сиёсий куч, мамлакат армияси билан тенг кучга эга бўлган қуролли гуруҳ ҳамда Исроилга қарши курашишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган ташкилотдир. «Ҳизбуллоҳ» 1980-йилларда ташкил этилган ва ўтган вақт мобайнида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан қўллаб-қувватлаб келинади (корпус ушбу ташкилотни қуроллантиради, молиялаштиради, жангчиларини ўқитади ҳамда разведка маълумотлари билан таъминлайди).

«Ҳизбуллоҳ» – Эроннинг прокси кучлари, яъни узоқ вақт давомида Эронга ўзига хос ташқи мудофаа чегараси сифатида хизмат қилиб келган қуролли гуруҳлар орасида энг йириги ва энг муҳими ҳисобланади. Ислом республикаси нуқтайи назарига кўра, гуруҳнинг асосий вазифаси Исроилга таҳдид солиб туриш ҳисобланади: агар яҳудийлар давлати Эронга қарши қандайдир ҳаракат содир этса, «Ҳизбуллоҳ» дарҳол Теҳрон номидан жавоб қайтаради. Гуруҳ ҳеч қачон Исроилни мағлуб этадиган даражада кучга эга бўлмаган – аммо яқин вақтларгача унга жуда жиддий иқтисодий ва сиёсий зарар етказа оладиган даражада эди. Эроннинг ҳисоб-китобларига кўра, атрофидаги прокси кучлар туфайли Исроилга Эрон билан тўғридан тўғри тўқнашув қимматга тушган бўларди ва шунинг учун Исроил бундай тўқнашувдан қочган.

Аммо Эрон «Ҳизбуллоҳ»ни тўлиқ назорат қилмайди – гуруҳнинг Эронни ҳимоя қилишдан ташқари ўз амбициялари ҳам бор. Ливан аҳолиси орасида христианлар, суннийлар ва шиалар улуши деярли тенг миқдорда – ва бутун сиёсат конфессионал характерга эга. Шу даражадаки, президент – доим христианлардан, бош вазир – доим суннийлардан, парламент спикери – доим шиалардан бўлади. «Ҳизбуллоҳ» – азалдан дискриминацияга учраб келган шиалар манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар орасида энг йиригидир. «Ҳизбуллоҳ»нинг «Қаршиликка содиқлик» номли ўз партияси ҳам бор, у ҳозирги парламентда 128 ўриндан 14 ўринга эга (катталиги бўйича учинчи фракция).

2022 йил октябридан 2025 йил январгача – Ливан сиёсий турғунлик даврини бошдан кечирди. Партиялараро зиддият туфайли парламент президентни сайлай олмади, президент йўқлигида ҳукуматни тайинлаб бўлмасди. «Ҳизбуллоҳ» ушбу инқирознинг ягона сабаби эмасди, аммо бу масала ҳал қилинишига тўсқинлик қилди: унинг принципиал душманларидан кимдир президентликка сайланмаслиги гуруҳ учун муҳим эди.

Шу фонда, 2023 йил 7 октябрда Ҳамас Исроилга ҳужум уюштирди. Кейинги куни «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроил шимолини ўққа тутишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ливан ҳудудига артиллерия ва авиациядан зарбалар берди.

Орадан бир йил ўтиб вазият ўзгарди. 2024 йил сентябрида Исроил махсус хизматлари «Ҳизбуллоҳ» жангчиларининг пейжерлари ва рацияларини масофадан портлатиш амалиётини ўтказди. Кейин эса гуруҳнинг Ливан жанубидаги, шарқда жойлашган Бекаа водийсидаги, шунингдек, Байрутнинг шиалар истиқомат қилувчи Даҳия туманидаги позициялари бўйлаб ёпирилма авиазарбалар йўлланди (бу ҳудудларнинг барчаси амалда Ливан ҳукумати эмас, «Ҳизбуллоҳ» томонидан назорат қилинади). Бир неча кун ичида «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти деярли тўлиқ таркибда йўқ қилинди, хусусан, гуруҳнинг узоқ йиллик раҳбари Ҳасан Насруллоҳ, унинг ўринбосари, ўринбосарнинг ўринбосари ўлдирилди.

Кўп ўтмай Исроил мудофаа армияси қуруқлик орқали Ливан жанубига кирди – ва бу ҳудудда ноябр ойигача қолиб, «Ҳизбуллоҳ» объектларини эгаллаш, жангчилар ва қурол-яроғларни йўқ қилиш билан машғул бўлди. Исроилликлар ҳудудни тарк этишдан олдин Ливан ҳукумати билан «Ҳизбуллоҳ» томонидан янги таҳдид бўлган тақдирда, амалда эркин ҳаракатланиш (авиазарбалар беришда) имконини берувчи келишув тузади.

Бу воқеалар катта сиёсий оқибатларга олиб келди. «Ҳизбуллоҳ» ўз вақтида Суриядаги Башар Асад режимининг ҳам таянчларидан бири бўлган. Исроил билан урушда заифлашгач, гуруҳ 2024 йил декабрида унга ёрдамга бора олмади ва Суриянинг қуролланган мухолифати диктаторни осонлик билан ағдариб ташлади.

Ливаннинг ўзида эса «Ҳизбуллоҳ» сиёсий жараёнларда ён беришга мажбур бўлди ва парламент ниҳоят президентни сайлай олди. Бу лавозимни Ливан армияси бош қўмондони Жозеф Аун эгаллади. У бош вазирликка БМТ Халқаро суди собиқ раиси Наваф Саломни тайинлади.

Ливан Исроилни расман тан олмайди, аммо бу янги ҳукуматга тезда яҳудий давлати билан ишчи муносабатларни ўрнатишга тўсқинлик қилмади. Улар вазият тақозоси туфайли амалда иттифоқчиларга айланди. Уларнинг иккиси ҳам «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришни истарди: Исроил – шимолий чегарасидаги душмандан қутулиш учун, Ливан ҳукумати – Эрон таъсиридан халос бўлиш ва ниҳоят бутун мамлакат ҳудудини ўз назоратига қайтариш учун.

2024 йил кузидан 2026 йил баҳори бошигача Ливан армияси аста-секин мамлакат жанубига силжиб, «Ҳизбуллоҳ» объектларини (бункерлар, туннеллар, қишлоқлар) эгаллаб, қуролларни, жумладан, Исроилни ўққа тутиш учун мўлжалланган ракеталарни олиб қўйди. Бу деярли ҳар доим жангсиз, жойлардаги қўмондонлар даражасидаги келишувлар орқали амалга оширилди. «Ҳизбуллоҳ» жангарилари қаршилик кўрсатадиган бўлса, Исроил самолётлари учиб келарди. Ливан армияси тўғридан тўғри тўқнашувлардан қочди, чунки «Ҳизбуллоҳ»га қарши кураша олишига ишончи комил эмасди.

Исроил раҳбарияти Ливаннинг янги ҳукумати билан ўзаро муносабатлардан, умуман олганда, мамнун эди. Ҳатто Ливан араб мамлакатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича Иброҳим келишувларига қўшилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бироқ, «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш суръатлари Исроилни қониқтирмади – унинг разведкаси ташкилот эски қуролларни топшириши баробарида янги қуролларга эга бўлаётгани, қуролларини ташлаётган эски аъзоларга қараганда кўпроқ янги аъзоларни ўз сафларига қўшиб олаётгани ҳақидаги хулосага келди.

Шундай фонда Америка ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма амалиётига тайёргарлик кўрилди. «Ҳизбуллоҳ» энди Исроил учун 2023–2024 йиллардаги каби таҳдид туғдира олмасди, аммо барибир Эрон ракеталаридан кейинги ўриндаги иккинчи хавф манбайи бўлиб қолаётганди.

27 феврал куни Американинг Исроилдаги элчихонаси АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Қуддусга ташрифига (кейинчалик бекор қилинган) тайёргарлик кўриш доирасида минтақадаги вазиятга ўз баҳосини берувчи меморандумни Давлат департаментига юборди. Ушбу ҳужжатда бошқа нарсалар қатори Исроил Ливан расмийларининг «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш қобилиятидан ҳафсаласи пир бўлгани ҳам кўрсатилган.

Феврал ойи мобайнида АҚШ Яқин Шарқда ўз ҳарбий гуруҳини йиғаётганда, Исроил Ливан жанубидаги ва Бекаа водийсидаги «Ҳизбуллоҳ» позицияларига бир неча бор ҳаво ҳужумлари уюштириб, қурол-яроғ захираларининг бир қисмини йўқ қилди ҳамда жангариларнинг бир неча қўмондонини ўлдирди. 24 феврал куни Исроил Ливан ҳукуматини огоҳлантирди: агар Эрон билан уруш бошланса ва «Ҳизбуллоҳ» унга аралашса – Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу мамлакат ҳудудида зарба бериш учун мингдан ортиқ нишонлар рўйхатини тайёрлаб қўйган, улар орасида Байрут халқаро аэропорти ҳам бор. Шундан кейин Ливан бош вазири Наваф Салом омма қаршисида чиқиш қилиб, «Ҳизбуллоҳ»ни «Ливанни навбатдаги авантюрага жалб қилмаслик»ка чақирди.

Исроил танклари Ливан билан чегарага олиб келиниши, 2026 йил 5 март
Atef Safadi / EPA / Scanpix / LETA

Эронга қарши уруш 28 феврал куни бошланди. Дастлабки кундаги ҳарбий амалиётлар оқибатида оятуллоҳ Али Хоминаий ҳам ҳалок бўлди – у «Ҳизбуллоҳ» аъзолари учун нафақат сиёсий иттифоқчи, балки маънавий устоз ҳам ҳисобланарди. Хоминаийнинг ўлими ҳақидаги маълумот расман тасдиқланганидан кейин, 2 мартга ўтар кечаси «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳудудига ракета зарбалари йўллашга киришди.

Бунга жавобан Исроил, ваъда қилганидек, Ливан жануби, Бекаа водийси ва Даҳия бўйлаб ёппасига ҳаво ҳужумларини уюштира бошлади. Нишонлар орасида «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Наим Қосим, «Қаршиликка содиқлик» партияси раҳбари Муҳаммад Раъд (иккиси ҳам омон қолган) ва ҳаракатнинг бошқа раҳбарлари, Эроннинг Ливандаги вакиллари, шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» назорати остидаги «Ал-Манар» телеканалининг Байрутдаги штаб-квартираси бор эди. Бундан ташқари, Исроил мудофаа армияси Ливан жанубига бир неча кичик қуруқлик рейдларини амалга оширди. Янги кенг кўламли қуруқлик операцияси ҳақида ҳозирча гап йўқ, аммо воқеаларнинг бундай ривожи истисно қилинмаяпти.

Исроил Ливан жанубидан ва Даҳиядан тинч аҳолини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирмоқда. Ливан расмийларига кўра, Исроил зарбалари оқибатида аллақачон 77 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши яраланган. Яна 80 минг киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ливан ҳукумати ўз суверенитетини бузгани учун Исроилнинг ҳаракатларини қоралади ва БМТ ҳамда АҚШдан бу борада ёрдам сўради. Шу билан бирга, расмий Байрут «„Ҳизбуллоҳ“нинг хавфсизлик ва ҳарбий соҳадаги ҳаракатлари» тақиқланганини эълон қилди.

Бундай эълон орқали Ливан ҳукумати ўз ҳудудида «хавфсизлик ва ҳарбий ҳаракатлар» (яъни куч ишлатиш) бўйича монополияга эга эмаслигини тан олди. Ливан армиясига чегара ҳудудлардан чекиниш ҳамда Исроил мудофаа армиясининг «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслик ҳақида буйруқ берилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид