Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» кейинги босқичга ўтди, Ямалда рекорд. Ҳафта ўйинлари
Ҳусанов «Нюкасл»га қарши ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди, «Челси» Ҳолливуд юлдузлари жамоасини қўшимча бўлимларда мағлуб этди; Испанияда «Реал» ва «Барса» пойгаси давом этмоқда. Дам олиш кунларида Европа чемпионатларида ўтказилган асосий ўйинлар, голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: Getty Images
Англия: «Мансфилд» ва «Рексем» грандларни қийнаб қўйди
«Мансфилд» – «Арсенал» 1:2
Голлар: Мадуэке, 41 (0:1). Эванс, 50 (1:1). Эзе, 66 (1:2)
«Арсенал»: Аррисабалага, Москера, Калафиори (Диксон, 76), Сэлмон (Тимбер, 62), Норгар, Троссар (Инкапие, 38), Доуман (Сака, 77), Мартинелли, Мадуэке, Габриэл Жезус, Ҳаверц (Эзе, 62)
Огоҳлантиришлар: Калафиори, 70. Эзе, 74
Учинчи дивизионда иштирок этаётган «Мансфилд» «Арсенал»га қарши 1929 йилдан буён илк ўйинини шудгорзорни эслатувчи майдонда ўтказди. Бундай газонда комбинациялар уюштириш муаммо бўлиши етмаганидай, жароҳат олиш хавфи ҳам юқори эди. Амалда ҳам Микел Артета Троссар ва Калафиорини жароҳат туфайли алмаштиришга мажбур бўлди.
Фото: Cody Froggatt/Getty Images
16 ёшли Салмон эса ортга узатма беришда хатога йўл қўйди, Москера эса Эвансга қарши пассив ҳаракат қилди, Кепа ҳам ўзига келган зарбани тўса олмади.
Бу орқали «Мансфилд» мувозанатни тиклади. Биринчи бўлим охирида Нони Мадуэке бир ҳужумнинг ўзида икки бор зарба бериш орқали даражадаги фарқни намойиш этганди. Унинг биринчи зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди, Мартинелли тўпга эга чиқди ва Мадуэкени янада қулай вазиятга чиқарди. Шундан кейин «канонирлар» кетма-кет вазиятларни йўққа чиқаришди. Доуман рейд уюштириб, яқин масофадан зарба берганида эса дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатди. Яна бир вазиятда «5 га 2» кўринишидаги қарши ҳужумда Габриэл Жезуснинг зарбасидан кейин ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди. Фақат иккинчи бўлимда захирадан тушган Эзе Норгарнинг узатмасидан кейин олис масофадан бенуқсон зарба йўллади ва бу гол ўйин тақдирини ҳал қилди.
«Арсенал» Микел Артета бошқаруви даврида бир мавсумдаги ғалабалар сони бўйича (35) рекорд ўрнатди, шунингдек, жорий мавсумда голлари сонини 100 тадан оширган учинчи жамоага айланди («Бавария» ва «Барселона»дан кейин). Бу ғалаба жамоани Англия кубоги чоракфиналига олиб чиқди, аммо мавсумнинг муҳим палласида икки футболчи жароҳат олиши – «канонирлар» учун оғриқли зарба бўлди.
«Рексем» – «Челси» 2:4
Голлар: Смит, 18 (1:0). Оконкво, 40 – автогол (1:1). Дойл, 78 (2:1). Ачимпонг, 82 (2:2). Гарначо, 96 (2:3). Жоао Педро, 120+5 (2:4)
«Челси»: Санчес, Адарабиойо, Бадиашиле, Сарр (Гиу, 58), Сантос, Лавиа (Кукуреля, 65), Ҳато (Эссугу, 65), Ачимпонг (Гюсто, 85), Педру Нету (Дерри, 100), Гарначо, Делап (Жоао Педро, 85)
Огоҳлантиришлар: Лавиа, 23. Сантос, 110. Гарначо, 120
Четлатиш: Робсон
Уэлсдаги ўйин шанба оқшомида кўпчиликнинг диққат марказида турганди. Ҳолливуд юлдузлари Райан Рейнолдс ва Роб Макэлҳенни эгалик қилаётган чемпионшип жамоаси номдор «Челси»ни қабул қилди. Ўйин олдидан фаворит кимлиги маълум эди, аммо ўйиннинг биринчи қисмида лондонликлар катта устунлик билан тўпга эгалик қилишди, аммо «қизил аждарлар» бу рақамлар амалда ҳеч нарсани англатмаслигини кўрсатишди. Муҳими – самарадорлик эди. Дойл ўз жамоаси жарима майдонидан узун узатма берди, майдон марказида рақибнинг икки ҳимоячисидан қочиб кетган Смит ҳисобни очди.
Фото: James Gill — Danehouse/Getty Images
XIX асрда қурилган «Рейскорс Граунд» стадионида йиғилган мухлислар голни ақлдан озгудек бўлиб нишонлашди, аммо танаффус арафасида стадион сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Гарначонинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасидан кейин тўп ҳимоячи Томасон орқали дарвозабонга борди ва уни автогол уришга мажбур қилди. Аммо умуман олганда мухлислар «Рексем» намойиш этган ўйин билан фахрланиши мумкин. Мезбонлар муносиб ўйнашди ва жиддий қаршилик кўрсатишди. Дойл иккинчи бўлимда яна жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди, мухлислар яна катта байрам бошлашди, аммо яна бўлим охирида меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Қўшимча дақиқаларда эса Добсон Гарначога қўполлик учун майдондан четлатилди.
Қўшимча бўлимларда лондонликлар сон жиҳатдан устунликдан фойдаланишди ва Гарначо жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Кейин эса ўйин якунига бир неча дақиқа қолганида уэлсликлар учинчи голини уришди, аммо бу гол офсайд туфайли бекор қилинди. Қўшимча бўлимларнинг қўшимча дақиқаларида Жоао Педро якуний ҳисобни ўрнатди. «Челси» юришини давом эттиради, «Рексем» эса ўз рейтингини кўтариб олди. Энди бу жамоани АПЛда кутишмоқда.
«Нюкасл Юнайтед» – «Манчестер Сити» 1:3
Голлар: Барнс, 18 (1:0). Савио, 39 (1:1). Мармуш, 47 (1:2). Мармуш, 65 (1:3)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Ботман, Тиау, Ҳолл (Ливраменто, 80), Триппиер (Бёрн, 63), Тонали, Уиллок, Волтемаде (Гордон, 72), Барнс, Эланга (Жоэлинтон, 62), Осула (Висса, 63)
«Манчестер Сити»: Траффорд, Стоунс, Ҳусанов, Аке, Матеус Нунес, Гонсалес, О`Райли, Рейндерс, Доку (Шерки, 79), Савио (Фоден, 79), Мармуш (Семенё, 73)
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон, 78. Висса, 90
«Нюкасл» ва «Манчестер Сити» бу мавсумнинг ўзида бешинчи бор ўзаро рақиб бўлишди. «Қарғалар» АПЛнинг биринчи даврасида ўз майдонида кечган ўйинда ғалаба қозонганди (2:1), кейинги уч ўйинда эса «шаҳарликлар»нинг қўли устун келганди – Лига кубоги яримфиналида (2:0, 3:1) ва чемпионатнинг иккинчи даврасида (2:1). Табиийки, Эдди Ҳау шогирдлари «Сент-Жеймс Парк»даги ўйинда охирги мағлубиятлар учун қасос олиш мақсадида майдонга тушишди. Абдуқодир Ҳусанов бошланғич таркибга қайтган ўйинда жамоаси тезкор гол ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо Гонсалес бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатди.

Мезбонлар барибир иккинчи уринишда мақсадга эришишди. Тонали меҳмонлар ҳимоячисини битта пас билан доғда қолдирди, ҳимоячилар ортига очилган Барнс эса олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Бўлимнинг қолган қисми Хосеп Гвардиола жамоаси устунлигида ўтди. Меҳмонлар бир неча яхши вазиятларга эга бўлишди, аммо бир гол билан чекланишди. Доку чап қанотда финтлари билан ҳимоячиларнинг бошини айлантириб ташлади, унинг дарвозабон ҳудудига берган узатмаси керакли вақтда керакли жойда турган Савиниога тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Иккинчи бўлим бошида эса мезбонлар мудофааси ўнг қанотдан ҳам ёриб ўтилди. Матеус Нунеснинг ҳужумга қўшилиши Мармуш жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқиши билан якунланди. Кейинроқ мисрлик ҳужумчи олис масофадан йўллаган зарбаси билан «Нюкасл»ни узил-кесил таслим этди ва жамоасини Англия кубоги чоракфиналига олиб чиқди.
Испания: Пешқадамларда қийин ғалабалар
Фото: Jose Manuel Alvarez Rey/Getty Images
«Селта» – «Реал» 1:2
Голлар: Тшуамени, 11 (0:1). Иглесиас, 25 (1:1). Валверде, 90+4 (1:2)
«Селта»: Раду, Старфелт, Алонсо, Родригес, Мориба (Весино, 90+1), Роман, Мингеса (Аспас, 83), Каррейра, Сведберг (Лопес, 69), Хутгла (Алварес, 70), Иглесиас (Ал-Абдуллаий, 70)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио, Рюдигер, Менди, Александр-Арнолд, Тшуамени, Арда Гулер (Паласиос, 65), Питарч (Мануэл Анхел, 90), Валверде, Винисиус Жуниор, Диас (Гарсия, 77)
Огоҳлантиришлар: Иглесиас, 31 – Тшуамени, 86. Раул Асенсио, 90
«Реал» охирги ҳафталарда инқироз кўчасига кириб қолган. Яқинда ҳам мадридликлар Ла лигада пешқадамликни ўз қўлига оганди, аммо «Осасуна» ва «Хетафе»дан учралган мағлубиятлар «Барселона» учун совға бўлди. Кейин эса Родриго ҳам оғир жароҳат олиб, клуб лазаретидаги футболчилар сонини яна биттага оширди. Вигода эса дисквалификация туфайли Каррерас, Ҳаусен ва Мастантуоно майдонга туша олмасди. Шу туфайли жума оқшомидаги ўйинда Алваро Арбелоа ихтиёридаги бор футболчилар билан амаллашига тўғри келарди.
Еврокубокларга йўлланма берувчи олтинчи ўринда келаётган «Селта» бу ҳолатдаги «Реал»га қарши далил ўйин кўрсатди. Борха Иглесиас ўз вазиятларидан фойдалана олганида 25-дақиқагача ҳет-трик амалга ошириши мумкин эди. Аммо Куртуа аввалига унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасини қайтарди, кейин эса яккама-якка вазиятда устун келди. Фақат Александер-Арнолднинг ҳимоячилар ортига оширилган узатмани ўтказиб юборишидан кейин белгиялик посбон барибир ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди – Сведберг уни алдаб ўтди ва тўпни бўш дарвоза қаршисидаги Иглесиасга узатди.
Галисияликлар бу гол билан фақат ҳисобни тенглаштиришди, 11-дақиқада «Реал» узоқ чўзилган ҳужум якунида ҳисобни очганди: бу ҳужум давомида Винисиуснинг зарбасидан кейин тўп устундан қайтди, Тшуаменининг хавфли зарбасидан кейин бурчак тўпи ишланди. Айнан шу бурчак тўпи ижро этилгнаида француз футболчиси иккинчи имкониятдан фойдаланди.
Иккинчи бўлим мадридликларнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Академия тарбияланувчилари Питарч ва Паласиосда ҳам яхши вазиятлар юзага келди. Аммо ҳадеганда тўп дарвоза тўрига киришни истамади, меҳмонларнинг пеналти сўраб билдирган эътирозлари бу сафар инобатга олинмади: тўп Жутгленинг қўлига тегишидан олдин «Селта» футболчисига нисбатан фол ишлатилгани маълум бўлди. «Реал» учун бу ўйин ҳам ачинарли якунланиши мумкин эди, аммо ўйин охирида омад «Қироллик клуби»га икки бор кулиб боқди. Аввалига галисияликар афсонаси Аспаснинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Валверде ғалаба голини урди. Олдинда жамоани ЕЧЛда «Манчестер Сити»га қарши қийин ўйинлар кутмоқда.
«Атлетико» – «Реал Сосиедад» 3:2
Голлар: Сёрлот, 5 (1:0). Солер, 9 (1:1). Гонсалес, 67 (2:1). Ойярсабал, 68 (2:2). Гонсалес, 81 (3:2)
«Атлетико»: Облак, Хименес, Ганцко, Руджери, Молина, Мендоса (Лиоренте, 46), Коке (Кардозо, 61), Алмада (Гонсалес, 54), Симеоне (Гризманн, 53), Серлот, Лукман (Алварес, 53)
«Реал Сосиедад»: Ремиро, Чалета-Цар, Хон Мартин, Гомес, Арамбуру, Эррера, Солер (Туррентес, 74), Барренечеа (Захарян, 65), Марин (Гонсалу Гедеш, 55), Оскарссон (Ойярсабал, 56), Сучич (Мендес, 74)
Огоҳлантиришлар: Ганцко, 20 – Оскарссон, 49
Кейинги ойда Испания кубоги финалида ўзаро тўқнаш келадиган ушбу жамоалар ўйиннинг 9-дақиқасигача биттадан гол уришга улгуришди. Аутдан тўп ташлаш орқали бошланган ҳужум Хименеснинг Сёрлотга голли узатмаси ва ҳисоб очилиши билан якунланди. Аммо бир неча дақиқа ўтиб Солер яқин бурчакни аниқ нишонга олиб, мувозанатни тиклади. Шундан кейин ўйин темпи пасайди ва биринчи бўлимда ҳисоб бошқа ўзгармади.
Иккинчи бўлим бошида Сёрлот қулай вазиятни йўққа чиқарди, аммо кўп ўтмасдан Нико Гонсалес барибир «матрасчилар»нинг иккинчи голини урди. Бир дақиқа ўтиб эса Ойярсабал бу голга жавоб қайтарди. Гонсалеснинг иккинчи голига эса меҳмонларда жавоб топилмади. Диего Симеоне шогирдлари навбатдаги уч очкодан кейин учинчи ўринни мустаҳкамлади – тўртинчи ўриндаги «Вилярреал» билан орадаги фарқ яна уч очкони ташкил этмоқда.
«Атлетик» – «Барселона» 0:1
Гол: Ямал, 68 (0:1)
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Ляпорт, Бойро, Горосабель, Ҳаурегисар (Э. Гарсия, 74), Рего (Весга, 69), Санчес (Сансет, 46), Гомес (Наварро, 10), Беренгер, Иняки Уилямс (Гурусета, 69)
«Барселона»: Э. Гарсия, Жоау Канселу, Мартин, Х. Гарсия, Кубарси, Бернал (Педри, 46), Касадо (Араухо, 78), Олмо (Фермин Лопес, 62), Рэшфорд (Левандовски, 62), Ямал, Торрес (Рафиня, 62)
Огоҳлантиришлар: Рего, 50. Вивиан, 90 – Кубарси, 57
«Сан-Мамес»да икки жамоанинг ёрқин ҳужумлари билан бошланган ўйинда мухлислар анча вақтгача гол кўришмади. Катта эҳтимол билан, Унаи Гомеснинг жароҳати ўйин ритмини бузиб қўйди. Басклар жамоасининг энг истеъдодли футболчиларидан бири ҳаводаги яккакурашдан кейин ноқулай йиқилди ва тиззасини жароҳатлаб олди, у майдонни физиотерапевтлар ёрдамида тарк этди. «Барселона» бўлим давомида тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка эришди, аммо голли вазиятлар ярата олишмади.
«Барселона» дастлабки 45 дақиқаликда зарбалар бериш бўйича бу мавсумдаги энг ёмон кўрсаткичини (2) қайд этди ва бу мавсумда илк бор биринчи бўлимда рақиб дарвозаси томон тўғри борган бирорта ҳам зарба бера олмади. Гол уришга мезбонлар яқинроқ келишди. Аввалига Наварро қулай вазиятда туриб, зарба бериш ўрнига пас беришга қарор қилди ва тўпни йўқотди. Кейин эса Инияки Уилямс дарвозани ишғол этди, аммо кичик офсайд ҳолати туфайли бу гол бекор қилинди.
Иккинчи бўлимда эса баскларга гоҳ аниқлик етишмади, гоҳ Жоан Гарсия «Барселона»ни қутқариб қолди. Ҳанси Флик учталик алмаштириш орқали ўйинда бурилиш ясашга муваффақ бўлди. Педри, Рафиня ва Левандовски майдонга тушди ва ўйин тақдири ҳал қилинди. Педрининг узатмасидан кейин Ямал олис «тўққизлик»ка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Бу нафақат ғалаба голи, балки Ламиннинг фаолиятидаги юбилей 50-гол ҳам бўлди – (44 таси клуб сафида, 6 таси терма жамоада).
Табиийки, каталонияликларнинг «ўнлик» футболчиси бу орқали навбатдаги рекордни ўрнатди. У 18 ёш-у 237 кунлигида XXI асрда топ-5 лигаларда бу натижага эришган илк футболчига айланди. Таққослаш учун: Месси бунча голни урганида 20 ёш-у 315 кунлик, Криштиану Роналду — 21 ёш-у 297 кунлик эди.
Турнир жадвалида эса каталонияликлар «Реал» билан орадаги фарқни яна тўрт очкога етказиб қўйди.
