Жаҳон | 17:51 / 09.03.2026
3947
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларус ўзбекистонлик мигрантлардан мамнун эканини айтди

У республикада кўплаб ўзбеклар яшашини, уларни мамлакат мамнуният билан таклиф қилишини айтди.

Александр Лукашенко Беларус ўзбекистонлик мигрантлардан хурсанд эканини айтди.

Бу ҳақда Лукашенко Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашувда маълум қилди. У республикада кўплаб ўзбеклар яшашини, уларни мамлакат мамнуният билан таклиф қилишини айтди. «Шунинг учун, агар улар бу ерга келишга қарор қилса, биз жуда меҳнатсевар ўзбек одамларини кўришдан доимо хурсандмиз», деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларусда мигрантларга нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлишади, аммо «эҳтимол, бу улар учун яхшироқдир». Беларус етакчисининг таъкидлашича, республикада мигрантлар собиқ МДҲ давлатларининг бошқа вакиллари билан рақобатлаша оладиган аниқ ишларга қабул қилинади: «беларуслар, россияликлар, украиналиклар ва бошқалар билан тенг. Марҳамат, келинг, рақобатлашинг».

Элчи билан суҳбатда Лукашенко Иккинчи Жаҳон уруши ҳақида эслади. У кўплаб беларуслар Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватлангани ва бошпана топганини таъкидлади. «Бу борада сизлардан бироз қарздормиз. Гарчи бу бир мамлакат доирасида бўлса-да», деб хулоса қилди Лукашенко.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид