Жаҳон | 13:21
2363
5 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Эрондан норози, дронни ким отган?

Озарбойжон ҳудудига дрон қулаши ортидан Пизишкиён қўшни давлатлардан узр сўради. Шунга қарамай, тергов натижалари ҳали расман эълон қилинмаган бўлса-да, расмий Боку воқеага нисбатан тезкор ва кескин муносабат билдирди. Айрим экспертлар буни далиллар вақт ўтиши билан йўқолиб кетиши мумкинлиги билан изоҳласа, бошқалар эса икки давлат ўртасида йиллар давомида шаклланган сиёсий ишончсизлик билан боғлайди.

Kun.uzʼнинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.

Озарбойжон нега тергов натижаларини кутмасдан Эронга нисбатан кескин баёнотлар беряпти?

Анвар Йўлдошев: Менимча, бу ҳолатда Озарбойжон текширув жараёни ҳаддан ташқари чўзилиб кетишидан бироз хавотирда. Иккинчидан, ашёвий далиллар масаласи бор. Вақт ўтиши билан бундай далиллар йўқолиб кетиши ёки ўз қийматини йўқотиши мумкин. Менимча, айнан шу икки сабаб Озарбойжоннинг тезроқ аниқлик киритишга интилишига туртки бўляпти. Бироқ Озарбойжон билан Эрон ўртасидаги зиддиятлар янги эмас, улар анча вақтдан бери мавжуд.

Бу зиддиятларнинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, Озарбойжонда Исроилнинг мавқейи жуда кучли. Масалан, Озарбойжон ўз нефтининг тахминан 15 фоизини Исроилга экспорт қилади. Шунингдек, мамлакат импорт қилаётган қурол-яроғнинг қарийб 40-50 фоизи ҳам Исроилга тегишли.

Бундан ташқари, Моссад разведка хизматининг Озарбойжондаги фаоллиги ҳақида ҳам кўп гапирилади. Айрим маълумотларга кўра, улар хавфсизлик тизимлари билан ҳамкорлик қилиб, маслаҳат ва экспертиза кўмагини кўрсатади. Иккинчидан, Қорабоғ уруши вақтида Эрон кўпроқ Арманистонни қўллаган, Озарбойжон эса бундан норози бўлиб келган. Бу ҳам икки давлат ўртасидаги ишончсизликни кучайтирган омиллардан биридир.

Яна бир муҳим сабаб – Эрондаги Озарбойжон диаспораси масаласи. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Эронда 20-25 миллион атрофида озарбойжон миллатига мансуб аҳоли яшайди. Теҳрон учун бу масала ҳам доимий эҳтиёткорлик билан ёндашиладиган ички сиёсий омил ҳисобланади.

Бундан ташқари, транспорт йўлаклари ҳам муҳим геосиёсий омилга айланган. Озарбойжон Зангезур коридори орқали янги транспорт коридори яратишга интилмоқда. Бу лойиҳа Армениа ҳудуди орқали ўтади. Агар ушбу коридор амалга ошса, Эрон минтақавий транзит жараёнларидаги айрим иқтисодий улушидан маҳрум бўлиши мумкин.

Шуҳрат Расул: Президент Масъуд Пизишкиён воқеа юзасидан очиқ равишда узр сўраган бўлса, унда яна қандай қўшимча текширув ёки экспертиза ҳақида гап кетиши мумкин? Президентнинг ўзи ҳодиса учун масъулиятни тан олиб, расмий равишда кечирим сўради. Шундай экан, Озарбойжон учун бу тан олишнинг ўзи етарли эмасми, деган савол туғилади.

Ахир у нафақат Озарбойжондан, балки бошқа давлатлардан, жумладан, Туркиядан ҳам узр сўраётгани айтилмоқда. Шу нуқтада айрим экспертларнинг фикрлари менга бироз тушунарсиз туюлади. Баъзи баёнотларда Озарбойжонда Исроил разведкаси, хусусан, Моссад гўёки бемалол фаолият юритаётгани, ҳатто давлат тизимларида маслаҳатчилик ҳақида гапирилади. Бундай баҳоларни беришда эҳтиёткорлик зарур. Чунки Озарбойжон мустақил давлат бўлиб, ўзининг мустақил ташқи сиёсатини юритади.

Ҳеч қандай разведка хизмати мамлакат ичида назоратсиз фаолият юритиши ҳақидаги фикрлар асоссиз айблов сифатида қабул қилиниши мумкин. Вазиятни баҳолашда, аввало, Ўзбекистоннинг ўз манфаатлари ва нейтрал позициясидан келиб чиқиш муҳим.

Минтақада Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилаётган бир қатор давлатлар бор. Масалан, Саудия Арабистони Ўзбекистонга тахминан 30 миллиард долларга яқин инвестиция киритаётган стратегик ҳамкорлардан биридир.

Қатар ҳам қарийб 10 миллиард долларлик сармоя билан иштирок этмоқда. Худди шундай, Бирлашган араб амирликлари ҳам муҳим иқтисодий ҳамкорлардан бири бўлиб, катта инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, Озарбойжон ва Туркия ҳам Ўзбекистоннинг муҳим стратегик ҳамкорлари ҳисобланади. Шу сабабли, минтақадаги ҳар қандай кескин ҳаракат ушбу ҳамкорлик тизимига таъсир қилиши мумкин.

Мен бошидан айтганимдек, бу вазиятда Эрон томонидан қилинган айрим ҳаракатлар мантиқсиз кўринади. Буни айтишда ҳеч қандай агрессияни оқлаш ниятим йўқ. Ҳақиқатан ҳам халқаро ҳуқуқ бузилган ҳолатлар бор ва кўплаб давлатлар буни танқид қилмоқда. Айримлар АҚШ ва Исроилни агрессияда айблайди. Бироқ шу билан бирга, жавоб ҳаракатлари ҳар доим ҳам соғлом сиёсий мантиққа мос келавермайди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид