Жаҳон | 11:02
3749
4 дақиқада ўқилади

Трамп: Эроннинг янги раҳбари АҚШ розилигисиз узоққа бормайди

АҚШ президенти ABC News’га Теҳрон режими билан боғлиқ номзодни маъқуллашга тайёрлигини айтди. Шу билан бирга, Доналд Трамп уран билан боғлиқ вазиятни назоратга олиш учун Эронга махсус кучларни юбориш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг янги олий раҳбари — агар унинг номзоди тасдиқланса — Теҳрон аввал Оқ уй раҳбарининг розилигини олмаса, “узоққа бормаслигини” айтди. Бу ҳақда 8 март, якшанба куни Америка телерадиотармоғининг ахборот бўлими — ABC News хабар қилди.

“У биздан розилик олишига тўғри келади,” деди Трамп. “Агар у бизнинг розилигимизни олмаса, узоққа бормайди. Биз ҳар ўн йилда бу масалага яна қайтишга мажбур бўлмаслигимизга ишонч ҳосил қилишни истаймиз,” дея қўшимча қилди у.

“Мен беш йилдан кейин бу масалага яна қайтишларини ва худди шу ишни қилишга мажбур бўлишларини ёки, бундан ҳам ёмони, уларга (Эрон ҳокимиятига — таҳр.) ядровий қуролга эга бўлишга йўл қўйилишини истамайман,” деб таъкидлади Трамп.

АҚШ президенти, шунингдек, Теҳрон режими билан боғлиқ номзодни маъқуллашга тайёрлигини ҳам айтди. Америка раҳбари ҳозирги босқичда Ислом Республикасини “қоғоздаги йўлбарс” деб ҳисоблашини билдирди. Бироқ, унинг айтишича, бир ҳафта аввал Эрон “бутун Яқин Шарққа ҳужум қилишни, бутун Яқин Шарқни эгаллаб олишни” режалаштираётган эди.

Британиянинг Sky News телеканали хабар беришича, ўлдирилган Али Хоминаийнинг вориси тайинлангани ҳақида ҳали расмий тасдиқ йўқ. Телеканал, бошқа қатор ОАВ каби, бу лавозимга илгари давлат лавозимларини эгалламаган 56 ёшли диний арбоб Мўжтабо Хоминаий маъқулланиши мумкинлигини ёзган.

Бундан олдин, 3 март куни, айнан у Эроннинг янги олий раҳбари этиб тайинлангани ҳақида мамлакат ичидаги, исмини ошкор қилишни истамаган DW манбалари хабар берган эди.

Трамп, шунингдек, бойитилган уран захираларини эгаллаб олиш учун махсус кучларни юбориш эҳтимолини ҳам истисно қилмаслигини тасдиқлади. АҚШ президенти таъкидлашича, барча вариантлар “стол устида”.

АҚШ ва Исроилда Эрон ядровий ёнилғисининг асосий қисми Исфаҳон шаҳридаги объектлардан бирида жойлашган ерости туннелларида сақланаётганига ишонишмоқда. Бошқа захиралар эса Фордо ва Натанз объектларидаги туннеллар ўртасида тақсимланган. Урушнинг дастлабки кунларида АҚШ ва Исроил Исфаҳон ва Фордо ерости туннелларига кириш жойларига зарба бериб, уларни тўсиб қўйиш ва у ерда сақланаётган ядровий материалларни олиб чиқиб кетишга йўл қўймасликка уринган.

“Назарий жиҳатдан, агар биз ушбу ҳудуд устидан жисмоний назоратга эга бўлганимизда, агар у сақланаётган жойлар устидан жисмоний назоратга эга бўлганимизда, биз у ерга одамларимизни юбориб, уни (хавфсиз даражагача — таҳр.) объектнинг ўзида келтиришимиз мумкин эди,” деган эди АҚШ маъмурияти вакили.

Али Хоминаий Эронни 1989 йилдан бери бошқариб келган. У 28 февралда бошланган Исроил ва АҚШнинг Ислом Республикасига қарши уруши давомида Исроил зарбаси натижасида ўлдирилган.

Мамлакатнинг умрбод олий раҳбари Эронда экспертлар кенгаши деб аталувчи орган аъзолари томонидан тайинланади. Бу давлат органи ислом ҳуқуқи соҳасида мутахассис деб ҳисобланадиган 88 кишидан иборат. У Эрон фуқаролари томонидан ҳар саккиз йилда бир марта сайланади.

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эрон ҳудудига зарбалар бера бошлади. Ислом Республикаси бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқда Вашингтоннинг иттифоқчилари ҳисобланган мамлакатларга дрон ва ракета ҳужумларини уюштирди. Теҳроннинг таъкидлашича, Эрон зарбаларининг нишонлари — ушбу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базаларидир.

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияси натижасида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва Ислом Республикасининг яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ўлдирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид