Жамият | 09:23
1398
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўллар, светофорлар ва бекатларни янгилаш ишлари кучайтирилди

Пойтахтда кўча-йўл тармоғининг техник ҳолатини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлиги ва ўтказувчанлигини оширишга қаратилган ишлар режали асосда давом эттирилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, 9 март куни Тошкент шаҳрида қатор таъмирлаш ва инфратузилмани янгилаш ишлари амалга оширилди.

Жумладан, жорий таъмирлаш ишлари доирасида 4 413 кв м майдонда фрезалаш ишлари бажарилди. Ушбу ишлар Янгиҳаёт туманидаги Марғиб ва Чортоқ кўчаларида, Яшнобод туманидаги Жарқўрғон ҳамда Мўйноқ кўчаларида, шунингдек Буюк ипак йўли, Осиё, КҲАЙ, Гавҳар, Катта Хирмонтепа ва Заргарлик кўчаларида амалга оширилди.

Шунингдек, 1 216 кв м майдонда асфалтлаш ишлари бажарилди. Бу ишлар Сергели туманидаги Янгиҳаёт ва Замахшарий кўчаларида, шунингдек бир қатор марказий кўчаларда олиб борилди.

Тунги вақтда, соат 00:00 дан 06:00 гача, йўл чизиқларини янгилаш ишлари амалга оширилиб, жами 3 500 метр йўл ётиқ чизиқлари чизилди. Ушбу ишлар Муқимий ҳамда Фарғона йўли кўчаларида бажарилди.

Бундан ташқари, шаҳар бўйлаб 32 та йўл белгиси алмаштирилди, 14 та янги белги ўрнатилди. Шу билан бирга, Бунёдкор, КҲАЙ ва Осиё кўчаларида йўл белгилари учун мўлжалланган 61 та устун таъмирланиб, бўялди.

Ақлли светофорлар тизимини жорий этиш ишлари доирасида Буюк ипак йўли, Ш.Бурхонов ва Ботир Зокиров кўчаларида 8 та ерости устуни ўрнатилиб, кабел ётқизиш ва монтаж ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Қатортол–Тахтапул ҳамда Қатортол 1-тор–Қатортол чорраҳаларида қурилиш ишлари олиб борилди. ТҲАЙ–Деҳқонобод ва Чилонзор–Чўпонота чорраҳаларида эса янги светофорлар ўрнатилди.

Жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Ботир Зокиров, Буюк ипак йўли ва Ислом Каримов кўчаларида 3 та янги бекат ўрнатилди. Шунингдек, Буюк ипак йўли, Махтумқули, Осиё ва КҲАЙ ҳудудларида жами 6 та замонавий бекатни янгилаш ишлари давом этмоқда.

Пойтахт йўлларида ҳаракат хавфсизлиги ва қулай инфратузилмани таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид