Ўзбекистон | 11:58 / 11.03.2026
2621
2 дақиқада ўқилади

Тутзорлар учун 150 млн сўмгача субсидия ажратилади

Пиллачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва тутзорларни ривожлантириш мақсадида суғориш тизимларини жорий этиш ҳамда сув иншоотларини қуриш ишлари учун субсидиялар ажратилади.

Фото: Getty Imagеs

Томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатлари учун янгидан ташкил этилган тутзорларнинг ҳар бир гектарига Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан 8 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади.

Шунингдек, майдони 2 гектар ва ундан зиёд бўлган тутзорлар учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш мақсадида насос станциялари ҳамда сув иншоотларини янгидан қуриш ёки реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизига субсидия берилади. Бунда субсидия миқдори 150 миллион сўмдан ошмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, мавжуд тутзорларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман ҳокимликлари томонидан олиб қўйиш ҳамда улар жойлашган ер участкаларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш қатъий тақиқланади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 сентябрга қадар pillachilik.uz электрон платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу платформа орқали тутзорлар ер майдонлари, пилла етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар рўйхати, тузилган шартномалар, ипак қурти уруғининг тарқатилиши ҳамда пилла ҳосилини қабул қилиш жараёнлари рақамли тарзда юритиб борилади.

Платформа доирасида пилла етиштириш агротехникаси қоидаларига оид ўқув қўлланмалар ва медиаконтентларни ўз ичига олган махсус мобил илова ҳам ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид