Жаҳон | 15:44 / 11.03.2026
2333
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия нефтига қарши санкцияларни юмшатишни рад этди

Европаликлар Украинага қарши урушни давом эттираётган Россияга нисбатан максимал босимни давом эттириши керак, деди ЕИнинг иқтисодиёт бўйича комиссари Трампнинг сўзларига жавобан. Худди шундай позицияни Германия канцлери ҳам билдирди.

Фото: AP

Эрондаги уруш фонида энергия ташувчилар нархи сезиларли даражада ошганига қарамай, Европа Иттифоқи Россия нефтига нисбатан санкцияларни эҳтимолий юмшатишга қарши чиқди.

“Биз Россияга максимал босим ўтказишни давом эттиришимиз керак”, — деди 10 март, сешанба куни Брюсселда ЕИнинг иқтисодиёт бўйича комиссари Валдис Домбровскис.

Унинг сўзларига кўра, нефт санкцияларининг бир қисмини бекор қилиш “акс самара беради” ва “Россиянинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлайди”.

“Россия нефтига нисбатан нарх чегараларини энг қатъий тарзда қўллаб-қувватлаш жуда муҳим”, — деди еврокомиссар.

Шу тариқа Домбровскис АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатидан кейин айтган баёнотига изоҳ берди. Трамп Россиядан нефт экспортига нисбатан аввал жорий этилган айрим чеклов чораларини вақтинча тўхтатиш режалари ҳақида айтган эди. АҚШ октябр ойида Россиянинг “Роснефть” ва “Лукойл” нефт гигантларига қарши санкциялар жорий қилган.

Жаҳон нефт нархлари ошиши сабаб муҳокама қилинаётган Россияга қарши санкцияларни ҳар қандай юмшатишни Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам рад этди.

“Мен Америка президентининг бу уруш тезроқ якунланиши ҳақидаги умидини қўллаб-қувватлайман, — деди у. — Ва агар у тез якунланса, биз нефт ва энергетика бозорларидаги вазиятнинг нисбатан тез нормаллашишини ҳам кўрамиз”.

Мерцнинг таъкидлашича, агар санкциялар ва бирдамлик ўртасида танлов қилишга тўғри келса, Германиянинг позицияси аниқ: у Украинани қўллаб-қувватлайди ва зарур бўлса, энергия ташувчилар нархи юқори бўлган даврга ҳам бардош беришга тайёр.

Bloomberg қайд этишича, АҚШ G7 бўйича ҳамкорларига Россияга нисбатан санкцияларни энергия ташувчилар нархининг кескин ошишига жавоб сифатида юмшатиш вақтинчалик бўлишини маълум қилган. Еврокомиссар Домбровскиснинг сўзларига кўра, Америка маъмуриятининг бу қарори “ҳам вақт жиҳатидан, ҳам чоралар кўлами жиҳатидан анча чекланган”. Унинг айтишича, Вашингтонда бу қарор Россиянинг нефтдан оладиган даромадларига жиддий таъсир кўрсатишини кутмаяпти.

Шу билан бирга, АҚШ Украинага қарши давом этаётган уруш муносабати билан Россияга иқтисодий босимни сақлаб қолиш борасида Европанинг интилишларини “умуман олганда бўлишади”, деб қўшимча қилди у. Bloomberg маълумотига кўра, АҚШ ҳукумати европаликларга Россиянинг нефт секторига қарши санкцияларни юмшатиш асосан Ҳиндистонга етказиб беришларга тааллуқли бўлишини айтган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши туфайли жаҳон нефт нархлари кескин кўтарилди. Теҳрон ҳокимияти ҳарбий ҳаракатлар фонида жаҳон нефт савдосининг тахминан 20 фоизи амалга ошириладиган Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди. Шундан кейин Трамп Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олиш учун вақтинчалик рухсат берди.

Шу орада, Bloomberg маълумотига кўра, Ҳиндистоннинг энг йирик банки — State Bank of India (SBI) Трамп қарори қанча давом этиши номаълумлиги ва эҳтимолий хавфлар сабабли Россия нефти учун тўловларни амалга оширишдан бош тортмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид