Жаҳон | 11:44
1534
4 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуз бўғози ҳудудида учта фуқаролик кемасига ҳужум қилинди

Таиланд байроғи остида сузган Mayuree Naree қуруқ юк кемаси зарба натижасида ёнғинга учради. Эрон савдо кемаларига қилинган ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси баёнотига кўра, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш фақат Эрон билан келишилган ҳолда мумкин.

Фото: Royal Thai Navy/REUTERS

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушининг ўн иккинчи кунида Форс кўрфазида, жумладан Ҳўрмуз бўғози ҳудудида бир нечта фуқаролик кемасига ҳужум қилинди. Учта юк кемаси “аниқланмаган снарядлар” билан нишонга олинган, деб хабар қилди 11 март, чоршанба куни Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари ҳузуридаги Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази — UKMTO. Уларнинг бирида ёнғин чиққан.

Таиланд ҳарбий-денгиз кучлари ракета тегиши ортидан Ҳўрмуз бўғозида ёнган кема Таиландга тегишли Mayuree Naree қуруқ юк кемаси эканини билдирди. Бирлашган Араб Амирликларига йўл олган ушбу кеманинг 20 нафар экипаж аъзосини Уммон ҳарбий-денгиз кучлари эвакуация қилди, яна уч киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бундан ташқари, Япония байроғи остидаги One Majesty контейнер ташувчи кемаси ва Маршалл ороллари байроғи остидаги Star Gwyneth қуруқ юк кемаси ҳам зарбага учради.

Шу орада Теҳрон Либерия байроғи остида ҳаракатланган ва исроиллик эгасига тегишли бўлган Express Rome қуруқ юк кемасига, шунингдек Таиланднинг Mayuree Naree кемасига қилинган зарбалар учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) баёнотига кўра, уларнинг экипажлари огоҳлантиришларни инкор этган, шундан кейин улар “Эрон ракеталари билан нишонга олиниб, тўхтатилган”.

ИИМК ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсирий X тармоғида кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиши фақат Эрон рухсати мавжуд бўлган тақдирдагина мумкинлигини маълум қилди.

Бундан бир кун олдин Эрон Ҳўрмуз бўғозини миналашга киришгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг АҚШ армияси Эрон кемаларига, жумладан мина қўйишда фойдаланилган 16 та қайиққа қарши бир қатор зарбалар берганини маълум қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Ҳўрмуз бўғози яқинида Эроннинг мина қўювчи кемалари йўқ қилинганини тасдиқлади.

Ҳўрмуз бўғози — Яқин Шарқ мамлакатларидан нефт ташиш учун энг муҳим йўллардан бири — Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери амалда фуқаровий кемалар томонидан деярли ишлатилмаяпти. 28 февралдан буён фақат биргина танкер Эрон ҳужумларидан қочиб, бўғоздан ўта олгани ҳақида хабар берилган. Урушнинг бутун дунё учун сезиларли оқибатларидан бири Ҳўрмуз бўғози орқали кема ҳаракати тўхтаганидан кейин ёнилғи нархларининг кескин ошиб кетиши бўлди.

Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудидаги объектларга оммавий зарбалар бериб, ҳужум бошлаган эди. Жанг ҳаракатларининг биринчи кунида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда куч ишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлди. Бунга жавобан Эрон Исроил ҳудудига ва Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар бера бошлади. Ҳарбий ҳаракатлар минтақадаги аксарият мамлакатларга таъсир қилди, учувчисиз аппаратлар ва ракеталарнинг фуқаровий объектларга келиб тушиши бир неча бор қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид