Жаҳон | 16:14 / 12.03.2026
3492
3 дақиқада ўқилади

Кремл Россияда алоқанинг ўчирилишини Киев ҳужумлари билан изоҳлади

Песковнинг сўзларига кўра, Россияда алоқа “фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш” учун, Киевнинг “тобора мураккаблашиб бораётган ҳужумлари” фонида ўчирилмоқда. Москвада мобил интернет беш кун ўчириб қўйилгани сабаб бизнес кўрган зарар 3–5 миллиард рубл деб баҳоланди.

Фото: kp.ru

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, ўтган ҳафта Москва ва Россиянинг бошқа ҳудудларида кузатилган алоқа узилишлари, гўёки, Украинанинг ҳужумлар учун “тобора мураккаб усуллардан” фойдаланаётгани шароитида “фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш” учун зарур эди. Унинг сўзларини 11 март, чоршанба куни РБК нашри келтирди.

Чекловлар қанча давом этиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Владимир Путин матбуот котиби шундай деди: “Фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар қанча вақт зарур бўлса, шунча вақт”.

Шу билан бирга, “Коммерсант” газетаси IT соҳаси эксперти баҳосини келтиради, унга кўра, Москва бизнеси мобил интернет беш кун ўчириб қўйилгани туфайли 3–5 миллиард рубл (32–54 миллион евро) миқдорида зарар кўрган бўлиши мумкин. Энг кўп зарарни кичик ва ўрта бизнес, курерлик хизматлари, такси, каршеринг ва мобил терминаллардан фойдаланувчи чакана савдо кўрган.

Жамоатчилик фикри жамғармаси ва Олий иқтисодиёт мактаби социологлари январ–март ойларида тўплаган маълумотларга кўра, Россиядаги кичик бизнес эгаларининг қарийб учдан бири ўз бизнесини ёпиш ёки сотиш ҳақида ўйламоқда. Сўровда қатнашганларнинг 52 фоизи ишлари аҳволи янада ёмонлашишига ишонч билдирган.

17 феврал куни Давлат думаси “Алоқа тўғрисида”ги қонунга операторларни ФХХ талаби билан мобил алоқа ва интернетни ўчиришга мажбур этувчи тузатишларни қабул қилди. Бунда блокировкалар бўйича қарор қабул қилиш ваколати амалда президент ихтиёрига мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан олдин Роскомнадзор расман Telegram ишини секинлаштиришни бошлаганини эълон қилган, шунингдек YouTube, WhatsApp ва турли оммавий ахборот воситалари, жумладан DW'га қарши блоклаш чораларини кучайтирган эди. Экспертлар қайд этишича, Россияда алоқа блокировкалари ўтган йил июнидан бери мунтазам равишда амалга оширилмоқда — расман бу Украина дронлари ҳужумлари билан изоҳланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид