Жаҳон | 13:33 / 12.03.2026
2435
3 дақиқада ўқилади

Молдова ҳукумати мамлакатнинг МДҲдан чиқишини маъқуллади

Молдова ҳукумати мамлакатнинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) аъзолигига оид асосий шартномаларни бекор қилишини қўллаб-қувватлади. Агар парламент ҳам маъқулласа, қонун лойиҳаси президент Майя Сандуга имзолаш учун юборилади.

Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

Молдова ҳукумати 11 март, чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатнинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) аъзолигига асос бўлиб хизмат қилувчи муҳим келишувларни денонсация қилишини қўллаб-қувватлади. Гап 1993 йил 22 январда Минскда имзоланган МДҲ низоми, 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги келишув, шунингдек, 1991 йил 22 декабрдаги мазкур келишувга илова ҳақида кетмоқда.

Энди қонун лойиҳаси Молдова президенти Майя Сандуга кўриб чиқиш учун юборилади. Агар у маъқулласа, ҳужжат мамлакат парламентига киритилади. Агар депутатлар ҳам ижобий қарор қабул қилса, Молдова ҳукумати МДҲ ижроия қўмитасини хабардор қилади ва 12 ойдан кейин республика ташкилотдаги иштирокини тўхтатади.

Молдова МДҲдан чиқиш жараёнини бошлагани ҳақида январ ойида мамлакат ташқи ишлар вазири Михай Попшой хабар берган эди. У буни “мамлакатнинг Европа йўналишини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам” деб атаган. Унинг айтишича, Кишинёв МДҲ билан имзоланган 283 та келишувдан 71 тасини аллақачон денонсация қилган, яна қарийб 60 тасини бекор қилиш жараёни давом этмоқда. Шу билан бирга, вазир агар улар Европа йўлига зид келмаса, иқтисодий фойда келтирадиган ёки фуқаролар учун муҳим амалий аҳамиятга эга келишувлардан Молдова воз кечмаслигини таъкидлаган.

Майя Санду январ ойида, агар шундай референдум ўтказилса, ўз мамлакатининг НАТО ва Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Руминияга қўшилиши учун овоз беришга тайёр эканини билдирган эди. Молдова президенти ўз позициясини мамлакатни Россия босимидан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, Санду аҳолининг кўпчилиги унинг бу ёндашувини қўллаб-қувватламаслигини айтди ва Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши анча реалистик сценарий эканини таъкидлади. Сўровномалар кўрсатишича, Молдова аҳолисининг фақат тахминан учдан бир қисми Руминия билан бирлашиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Молдованинг ҳозирги ҳукумати мамлакатни 2030 йилга қадар Европа Иттифоқига қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Аммо бунинг учун Кишинёв бир қатор мураккаб ислоҳотларни амалга оширишига тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид