Жаҳон | 09:47 / 12.03.2026
1828
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда АҚШ дипмиссияси ёнидаги терактда гумон қилинганлар қўлга олинди

Ослода асли ироқлик бўлган, Норвегия фуқароси ҳисобланган уч нафар ака-ука қўлга олингани маълум қилинди. Улар 8 мартга ўтар кечаси АҚШ элчихонаси ёнида содир этилган терактда гумон қилинмоқда. Полиция чет эл давлати иштирок этган бўлиши эҳтимолини ҳам истисно этмаяпти.

Фото: Javad Parsa/NTB/REUTERS

Норвегия полицияси Ослодаги АҚШ элчихонаси кириш қисми ёнидаги портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган уч нафар ака-уканинг қўлга олингани ҳақида хабар қилди. Қўлга олинганлар — ёши 20 дан 29 гача бўлган, асли ироқлик Норвегия фуқаролари бўлиб, улар аввал полицияга маълум бўлмаган, деди Ослодаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 11 март, чоршанба куни.

Ака-укалар террорчилик ҳаракатини содир этганликда гумон қилинмоқда, деди бош терговчи Кристиан Хатло. Тергов фикрича, улар одамларни ўлдириш ёки катта миқдорда зарар етказиш мақсадида кучли портловчи қурилмани ишга туширган.

“Биз ҳали ҳам бир нечта гипотезани кўриб чиқяпмиз. Улардан бири — танланган нишон сабабли бу давлат тузилмаси томонидан берилган буйруқ бўлиши мумкинми, деган масала”, деди Хатло. У, шунингдек, яна қўшимча қўлга олишлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади. Норвегия полицияси бошқалар қаторида АҚШнинг ФТБ идораси ва Интерпол билан ҳамкорлик қилмоқда, деб хабар берди Норвегиянинг NRK медиакомпанияси.

Норвегиядаги АҚШ элчихонаси консуллик бўлими кириш жойларидан бири ёнидаги портлаш 8 мартга ўтар кечаси содир бўлган, ҳеч ким жабрланмаган. Полиция портлаш сабаблари ҳақида тафсилот бермади, фақат “портловчи қурилма” ишлатилганини маълум қилди. AFP агентлиги қайд этишича, консуллик бўлими кириш қисми олдидаги қор устида шиша бўлаклари кўринган, қалин шиша эшикда ёриқлар пайдо бўлган, симларда осилиб турган чироқлар ва эшик тагида ер устида, эҳтимол, портлашдан қолган қора излар ҳам кузатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид