Жаҳон | 18:11
3642
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Green Card бўйича янги шартларни эълон қилди

Асосий янги талаблар: амалдаги хорижга чиқиш паспортининг мавжудлиги ва паспорт сканини юклаш. Шунингдек, рўйхатдан ўтиш учун 1$ тўлов. Қоидалар 2026 йил 11 апрелдан кучга киради. Рўйхатдан ўтиш жараёнининг бошланиш санаси ҳали эълон қилинмади.

Фото: Getty images

АҚШ Давлат департаменти Green Card 2027 лотереяси сифатида танилган Diversity Visa (DV-2027) дастури доирасида муҳим янги шартлар ва ўзгаришларни эълон қилди. Қоидалар 2026 йил 11 апрелдан кучга киради. Ўзгаришлар эҳтимолий фирибгарликка қарши курашишга ва шахсни дастлабки босқичда обдон текширишга қаратилгани таъкидланган.

DV-2027ʼда иштирок этиш учун асосий янги талаблар:

Амалдаги хорижга чиқиш паспортининг мажбурий мавжудлиги - энди ариза беришда unexpired passport (амалдаги, муддати ўтмаган хорижга чиқиш паспорти) маълумотларини кўрсатиш керак.

Паспорт сканини юклаш - биографик саҳифа (сурат билан) ва имзоли саҳифа сканерини юклаш талаб этилади, акс ҳолда ариза қабул қилинмайди. Бу олдинги йилларга қараганда сезиларли ўзгариш, чунки паспорт фақат кейинроқ, аризачи ютган тақдирда талаб қилинарди.

Бошқа ўзгаришлар

- Рўйхатдан ўтиш учун 1$ тўлов – иштирок этиш пулли бўлди;

- Таърифнинг ўзгариши - «гендер» ўрнига энди сўровномада «жинс» ишлатилади;

- Рўйхатдан ўтиш бошланишининг кечикиши - DV-2027 учун ариза топшириш даври бир неча бор кечиктирилди, аммо дастур бекор қилинмади. Янги сана тез орада travel.state.gov сайтида эълон қилинади (катта эҳтимол билан 2026 йил апрелдан кейин).

Дастур ҳали ҳам АҚШга иммиграция даражаси паст бўлган мамлакатлар фуқаролари учун йилига жами 55 мингтагача визани тақдим этади (Ўзбекистон ҳам одатда бундай мамлакатлар рўйхатига киритилган).

Асосий талаблар ўзгаришсиз қолди: ўрта маълумот (ёки 2 йиллик иш тажрибаси), туғилган мамлакатнинг рўйхатда мавжудлиги, бир кишига битта ариза ва бошқалар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид