Жамият | 15:06
1574
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ўқувчи 16 ёшида талабаликни нақд қилди

Навоий шаҳридаги 11-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Фирдавсбек Ўктамов олийгоҳга киришдаги максимал баллни тўплаб, муддатидан олдин талаба бўлди. У бу натижани 4 та фандан миллий сертификатни қўлга киритиш орқали уддалаган. Белгиланган тартиб бўйича у мактабни тўлиқ ўқиши керак бўлади.

Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси муддатидан олдин талабликни нақд қилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, мактабнинг 9-синф ўқувчиси Фирдавсбек Ўктамов 4 та фандан миллий сертификатни қўлга киритган.

Жумладан, у чет тили бўйича B2, ўзбек тили ва адабиёти фанидан А, математика фанидан С ҳамда тарих фанидан А+ даражали миллий сертификатларни олишни уддалаган.


Бу танлаган йўналиши бўйича Фирдавсбек Ўктамовга олийгоҳга кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллни тақдим этади. У 11-синфни тугатган пайтда қўлга киритган миллий сертификатларининг 3 таси ўз кучида бўлади. Чунки чет тилидан ташқари 3 та фан бўйича олинган сертификатларнинг амал қилиш муддати 3 йил.

Kun.uz’нинг аниқлашича, Фирдавсбек Ўктамов педагоглар оиласида улғайган. Унинг отаси Жўрабек Тўраев ҳамда онаси Азиза Файзиева олий тоифали инглиз тили фани ўқитувчилари ҳисобланиб, ҳар иккиси Фирдавсбек таълим олаётган мактабда фаолият юритади.

9-синфда талабаликни нақд қилгани Фирдавсбек Ўктамовга 10- ва 11-синфни ўқимасдан, бирдан олийгоҳда ўқиш имконини бермайди. Чунки белгиланган тартиб бўйича ўқувчи мактабни тўлиқ ўқиши керак бўлади.

Аввалроқ айни шу мактабнинг 23 ўқувчиси муддатидан олдин талаба бўлгани хабар қилинганди. Мактаб маъмуриятининг Kun.uz’га билдиришича, ҳозирда бундай ўқувчилар сони 26 нафарга етган. 

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид