Навбаҳор туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ўктамжон Самандаров бир неча фандан миллий сертификатни қўлга киритди. Бу унга олийгоҳга кириш учун максимал баллни тақдим этади. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўктамжон Самандаров чет тили, тарих, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда математика фанларидан турли даражадаги миллий сертификатларга эга чиққан. Бу орқали у 10-синфдаёқ талабаликни нақд қилган.

Ўктамжон Самандаров миллий сертификатларнинг барчасини жорий ўқув йилида қўлга киритган. Унинг тарих фанидан миллий сертификати B+, тарих фанидан миллий сертификати А ҳамда ўзбек тили ва адабиёти фанидан миллий сертификати B даражага эга.

Бошқарма маълумотига кўра, вилоятда ўнга яқин мактаб ўқувчилари миллий сертификатлар орқали 189 балл тўплаб, муддатидан олдин талаба бўлишни уддалашган. Улар сафида Навбаҳор туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Аслиддин Абдурашидов, Кармана туманидаги 9-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Насриддинов, Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Эъзоза Эркинова ҳамда 12-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Малика Норқулова бор.

 

Ўктамжон Самандаров 11-синфни ўқимаса бўладими?

 

Ўктамжон Самандаров ҳали 10-синф ўқувчиси, аммо у талабаликни нақд қилди. Сабаби, у қўлга киритган миллий сертификатлар 3 йиллик муддатда амал қилади. Яъни Ўктамжон Самандаров 11-синфни тугатгандан сўнг ушбу миллий сертификатлар орқали ОТМга қабул қилинади. Шундай экан, у 1 йил вақтини ўтказмасдан 10-синфда аттестат олиши ва ўқишни талаба сифатида олийгоҳда давом этириши мумкинми?

Дунёнинг кўплаб давлатларида тезлаштирилган таълим дастурлари мавжуд. Бу орқали ақлий салоҳияти ва билим даражаси юқори бўлган ўқувчилар кичик ёшда ҳам талабага айланиши мумкин. Бироқ Ўзбекистонда бу имконсиз: белгиланган тартиб бўйича ўқувчи мактабни тўлиқ ўқиши керак.