Жаҳон | 21:21 / 13.03.2026
2266
2 дақиқада ўқилади

Никита Хрушчевнинг эвараси «чет эл агенти» деб эълон қилинди

Нина Хрушчева Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаган. Унинг устидан Z-фаоллар шикоят ёзган. Аёл 1991 йилдан бери АҚШда яшайди.

Фото: Imago

Россия Адлия вазирлиги сиёсатшунос ва ёзувчи Нина Хрушчевани «чет эл агентлари» реестрига киритди.

У 1953 йилдан 1964 йилгача КПСС Марказий Қўмитасининг собиқ биринчи котиби ва СССР Вазирлар Кенгаши раиси бўлган Никита Хрушчевнинг эвараси.

Нина Хрушчева Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаган. Унинг устидан Z-фаоллар шикоят ёзган. Аёл 1991 йилдан бери АҚШда яшайди.

Россия қонунчилигига кўра, «чет эл агенти» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «чет эл агенти» эканини белгилаб қўйиши шарт.

2022 йил охиридан бошлаб Россия Адлия вазирлиги чет эл агентларининг ягона реестрини юритиб келмоқда. Ҳозиргача унга мингга яқин шахс ва ташкилот киритилган.

«Чет эл агенти» ҳақидаги талабларни бузганлик учун жарима ва ҳатто жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид