Ўзбекистон | 12:21
3695
1 дақиқада ўқилади

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳокимлик ходимлари фош этилди

ДХХ ҳамда ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Жиззах вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳокимлик тизимида фаолият юритувчи айрим мансабдор шахсларнинг ер майдонларини ноқонуний расмийлаштириш билан боғлиқ коррупцион ҳаракатлари фош этилди.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ҳокимлик бош мутахассиси фуқаронинг яшаш хонадонига туташ давлат захирасидаги 4 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали аукцион савдосида ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хўжайли тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ҳамда туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фермер хўжалиги раҳбари ноқонуний равишда сотмоқчи бўлган 41,6 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтармасдан ва аукцион савдоларига чиқармасдан тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид