Иқтисодиёт | 12:54
1557
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида янги битим тасдиқланди

Ўзбекистон президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида минтақавий ривожланиш соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган битим расман тасдиқланди.

Фото: biznesrivoj.uz

Маълум қилинишича, мазкур битим 2024 йил 6 июн куни Туркиянинг Анқара шаҳрида имзоланган бўлиб, у икки давлат ўртасида минтақавий ривожланиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирлик тегишли идоралар билан ҳамкорликда битимда назарда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишни таъминлайди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлаш вазифаси юклатилди.

Мазкур битим Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид