Жаҳон | 16:28
1101
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг Харкив вилоятига зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Купянск туманида Россия авиация зарбаси оқибатида йўловчи автобуси ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи ҳалок бўлди, яна тўрт киши яраланди. Запорижжя вилоятида эса автоцистерна портлаши ортидан бир киши ҳалок бўлиб, яна бири жароҳат олди.

Фото: Telegram / DSNS_TELEGRAM

Украина ҳокимияти маълум қилишича, Россия қўшинлари 13 март, жума куни эрталаб Харкив вилоятининг Купянск туманидаги Новая Александровка қишлоғи яқинига ракета зарбаси берган. Шу пайтда у ерда Харкивдан Великий Бурлукка кетаётган рейс автобуси бўлган.

Харкив вилояти прокуратураси маълумотига кўра, ракета портлаши оқибатида автобус ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи ҳалок бўлган, яна тўрт киши яраланган. Бундан ташқари, хусусий турар жой уйларига ҳам зарар етган.

Купянск туман ҳарбий маъмурияти раҳбари Андрей Канашевичнинг айтишича, Россия “Ланцет” туридаги ҳужумкор дрондан фойдаланган. Прокуратура эса ўз навбатида зарба “Искандер-М” ракетаси билан берилганини билдирмоқда.

“Бабель” нашри ёзишича, автобус ичида жами 15 киши бўлган.

13 мартга ўтар кечаси Россия қўшинлари Харкив вилоятидаги Балаклея шаҳрига ҳам ҳужумкор дронлар билан ҳужум қилди. Шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Карабан маълум қилишича, турар жойлар ҳудудига “бир нечта зарба” қайд этилган.

Ундан бир кун аввал кечқурун Россиянинг ҳужумкор дронлари Одесса вилояти порт инфратузилмасига ҳужум қилди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг айтишича, озиқ-овқат омбори зарба остида қолган ва у ерда ёнғин чиққан, аммо у тез орада ўчирилган. Кипер маълумотига кўра, ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган.

13 март эрталаб Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров Запорижжя туманида Россия дронининг автоцистернага урилиши оқибатида 57 ёшли эркак ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг Telegram-каналида ёзишича, яна бир 37 ёшли эркак жароҳат олган.

Кундузи Россия Запорижжя шаҳридаги кўп қаватли турар жой биносига ҳам ҳужумкор дронлар билан ҳужум қилганини Федоров билдирди. Жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия қўшинлари ўтган кечаси Украина бўйлаб “Искандер-М” баллистик ракетаси ва 126 та дрон учирган. 117 та дрон “уриб туширилган ёки тутиб олинган”.

Эрталабки маълумотномада айтилишича, ракета ва саккизта ҳужумкор дрон еттита ҳудудга келиб тушган, шунингдек, парчалар тушиши ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид