Жаҳон | 11:55 / 14.03.2026
2088
3 дақиқада ўқилади

Saudi Aramco Украинадан дронлар сотиб олаётгани ҳақидаги хабарни рад этди

The Wall Street Journal нашрида Saudi Aramco Эрон ҳужумларидан ҳимояланиш учун Украина ишлаб чиқарган тўсиб қолувчи дронларнинг эҳтимолий харидори сифатида тилга олинган эди. Саудия компанияси бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Фото: Vantor/AFP

Саудия Арабистонининг нефт компанияси, дунёдаги энг йирик нефт экспортчиси бўлган Saudi Aramco, Украина ишлаб чиқарувчилари билан тўсиб қолувчи дронлар хариди бўйича музокара олиб бораётгани ҳақидаги Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси хабарини рад этди.

“Бу даъволар ҳақиқатга мос келмайди”, — дейилади Saudi Aramco’нинг 12 март, пайшанба куни Reuters агентлиги орқали эълон қилинган баёнотида.

The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб, Saudi Aramco ўз конларини Эрон дронларидан ҳимоя қилиш мақсадида тўсиб қолувчи дронлар ишлаб чиқарадиган Украинанинг SkyFall ва Wild Hornets компаниялари маҳсулотларини сотиб олиш имкониятини муҳокама қилаётганини хабар қилган эди. Бу аппаратлар душман дронларини уларга бориб урилиш ёки яқинида портлаш орқали йўқ қила олади.

Ўз навбатида, Sting тўсиб қолувчи дронларини ишлаб чиқарадиган Wild Hornets компанияси ўз маҳсулотларини на Форс кўрфази давлатлари ҳукуматларига, на маҳаллий компанияларга сотиш бўйича музокара олиб бормаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, компания Яқин Шарқ мамлакатлари ва Европа Иттифоқидан ўз дронларини эҳтимолий экспорт қилиш ҳақида мунтазам сўровлар келиб тушаётганини тасдиқлади.

“Ҳозирда бизнинг саъй-ҳаракатларимиз Украина қуролли кучлари, Миллий гвардия, Украина Хавфсизлик хизмати ва Бош разведка бошқармаси билан ҳамкорликка қаратилган”, — деб таъкидлади ишлаб чиқарувчи.

Украина ишланмаларига бўлган қизиқиш Форс кўрфази энергетика инфратузилмасига қарши Эрон томонидан уюштирилган бир қатор ҳужумлардан кейин кескин кучайди. 7 март куни Эрондан учирилган дрон Саудиянинг Ал-Жубайл яқинидаги Берри конига зарба берди. Ундан олдин Ras Tanura нефтни қайта ишлаш заводи ва Saudi Aramco’нинг бошқа объектлари, шунингдек Қатар, Кувайт, Баҳрайн ва БАА энергетика инфратузилмаси ҳам ҳужумларга учраган эди.

Киев Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорликни аллақачон фаоллаштирган. 8 март куни Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтон сўровига биноан Америка базаларини ҳимоя қилиш учун тўсиб қолувчи дронлар билан таъминланган украиналик мутахассислар Иорданияга юборилганини маълум қилди.

Зеленскийнинг айтишича, ҳамкорлик масаласида Украинага расман мурожаат қилган давлатлар сони аллақачон 11 тага етган. Улар орасида Эрон билан чегарадош мамлакатлар, бир қатор Европа давлатлари ва АҚШ ҳам бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид