Ўзбекистон | 08:24
1857
3 дақиқада ўқилади

Тожикистондан сузиб ўтган шахс 5 килодан ортиқ “гашиш” билан қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Маълум бўлишича, Тожикистон ҳудудидан Сирдарё дарёси орқали Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний равишда бузиб ўтган Бекобод шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаро қўлга олинган. Унинг ёни текширилганда 5 килограмм 31 грамм “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва божхона идоралари ҳамкорлигида пойтахтда фаолият юритувчи хусусий тиббий клиникалардан бирида ўтказилган текширув давомида яна бир ҳолат фош этилди. Хона холислар иштирокида кўздан кечирилганда, мазкур шифохонада даволанаётган 1970 йилда туғилган шахсга тегишли 1 килограмм 367 грамм “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс муқаддам жиноий шериги томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган 1 килограмм 21 грамм “гашиш” моддасини олган вақтида ушланди. Текширув жараёнида унинг яшаш хонадонидан 2 грамм “опий” моддаси ҳам ашёвий далил сифатида олинди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида мазкур шахснинг жиноий шериги ҳисобланган Фарғона шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.

Навбатдаги ҳолатда эса олдиндан кузатувга олинган Қўштепа туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган фуқаро ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида Марғилон шаҳри ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтда автоуловдан 996 грамм “гашиш” моддасини улоқтириб, воқеа жойидан қочишга уринган. У ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ушбу қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Масъул идоралар фуқароларни бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид