Ўзбекистон | 10:22
778
1 дақиқада ўқилади

Юнусободда янги қурилаётган турар жой биносида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган янги қурилаётган турар жой биноларидан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса 13 март куни Юқори Қорақамиш кўчасидаги қурилиш объектида юз берган.

Фото: FVBB

Маълум қилинишича, соат 11:08 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига мазкур манзилдаги янги қурилаётган турар жой биносининг иккинчи қаватида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига йўл олган ва соат 11:09 да манзилга етиб борган.

Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 11:16 да қуршаб олинган ва орадан уч дақиқа ўтиб, яъни соат 11:19 да тўлиқ ўчирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.

Ҳодиса жойида ўтказилган кўздан кечириш ишлари давомида янги қурилаётган турар жой биносининг иккинчи қаватида қурилиш материаллари ёнгани ва шу қисмга зарар етгани аниқланган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролар ва тадбиркорларни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларнинг олдини олишда эҳтиёткорлик ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид