Ўзбекистон | 15:54
3076
2 дақиқада ўқилади

Park in Mall’да ёнғин чиқди

Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

Фото: Видеодан кадр

15 март куни Тошкент Сити ҳудудида жойлашган Park in Mall савдо марказида ёнғин чиқди.

«15 март куни соат 13:18 да  Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани, Ботир Зокиров кўчасида жойлашган Park in Mall оилавий кўнгилочар савдо маркази 3-қаватида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар тушган.

Шунга кўра, қутқарув техникалари айтилган манзилга соат 13:19 да етиб бориб,  ёнғин соат 13:28 да ўчирилди», – дейилади Тошкент шаҳри Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълумотида.

Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бу вақтда бино ичкарисида одамлар кўп бўлгани, улар орасида ёш болалар ҳам борлигини кўриш мумкин.

ФВВ матбуот хизмати эса бино ҳозирги вақтда фойдаланишга топширилмагани ва ёнғин болалар ўйингоҳида содир бўлмагани, бу жойда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлгани ҳақида маълумот берган.

Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни Яшнобод туманидаги Aviator савдо мажмуасининг иккинчи қаватида ёнғин содир бўлганди. Pixel номли болалар майдончаси ҳудудида вайроналар остидан 2 ёш 7 ойлик қизнинг жасади топилганди. Ушбу фожиадан кейин Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини текшириш бошланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид