Жаҳон | 22:50 / 16.03.2026
8614
3 дақиқада ўқилади

Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини очиш шартлари маълум бўлди

Шартлар Эрондан санкцияларни олиб ташлаш, Америка ҳарбий базаларини ёпиш, Эроннинг музлатилган активларини блокдан чиқаришни ўз ичига олади.

Фото: AP

Эрон Ҳўрмуз бўғозини маълум шартларда кемалар ўтиши учун очишга тайёр, улар орасида санкцияларнинг кафолатланган бекор қилиниши ҳам бор, деб хабар берди Эроннинг Tasnim нашри.

«Ҳўрмуз бўғози фаолиятининг қайта тикланиши санкцияларни кафолатли бекор қилиш, Америка [ҳарбий] базаларини ёпиш, музлатилган активларни блокдан чиқариш ва доллардан бошқа валюталарда савдони ривожлантириш каби дастлабки шартлар билан боғлиқ», дейилади хабарда.

Аввалроқ Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясида иштирок этмаётган давлатларнинг айрим кемаларига Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишга рухсат берганини маълум қилганди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий сўзларига кўра, бўғоз ёпилмаган, бироқ у орқали кемалар қатнови фақат маълум шартлар асосида амалга оширилади. Уларнинг моҳиятини очиб бермади.

Эроннинг юқори мартабали мулозими аввалроқ CNN телеканалига Теҳрон нефт танкерларининг юклари Хитой юанида сотилиши шарти билан уларни Ҳурмуз бўғози орқали чекланган тарзда ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган эди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аввалроқ АҚШ ва Исроил элчиларини чиқариб юборишни бўғоздан исталган мамлакат кемалари ўтиши учун шарт деб атаган эди.

Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳон нефтининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган газ таъминотининг 30 фоизи ўтади, у энг муҳим энергетик артерия ҳисобланади.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаганидан сўнг, Эрон амалда Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини тўхтатди. Шу фонда дунёда энергия нархлари кескин ошди: ёқилғи ташувчи танкерлар, биринчи навбатда, Форс кўрфази мамлакатларидан ёқилғи таший олмаяпти. Минтақадаги баъзи нефт компаниялари форс-мажор эълон қилишга мажбур бўлди.

Эрон ИИҚК мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қилаётганини айтди. Эрон қирғоқбўйи давлати сифатида Ҳўрмуз бўғозида миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўриш ҳуқуқига эга, деди Бақоий.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид