Жамият | 15:42
3389
6 дақиқада ўқилади

Инсон ўзини бахтли ҳис қилиши учун қанча пул керак?

Инсоният азалдан бир саволга жавоб излайди: «Бахтни пулга сотиб олса бўладими?» Кўпчилик бу саволга «ҳа, фақат пул жуда кўп бўлиши керак!» дея дадил жавоб беришга одатланган. Йиллар давомида олимлар ва психологлар юзлаб тадқиқотлар ўтказиб, инсон эҳтиёжи ва руҳияти ўртасидаги олтин мувозанатни топишга уриниб келади. Хўш, чинакам хотиржамлик ва бахт ҳисси учун қанча маблағ бўлиши кифоя қилади?

Фото: REUTERS

Даромад ва бахт ўртасидаги боғлиқлик

Нобел мукофоти совриндорлари Даниел Каҳнеман ва Ангус Деатон 2010 йилда ўтказган машҳур тадқиқотида шундай хулоса чиқарганди: даромад йилига тахминан 75 минг долларга етгач, инсоннинг бахт даражаси деярли ошмай қолади. Бу миқдор билан гўёки барча асосий эҳтиёжларни қондириш ва орзу қилинган фаровонликка яқинлашишлар мумкин. Аммо вақт ўтган сайин пул қадрсизлана бошлади, инфляция ўсди. 2021 йилда Пенсилвания университети профессори Метю Киллингсворт юқоридаги хулосага қарши чиқди. У 34 минг инсоннинг кайфияти ва ҳаётдан қониқишини реал вақт режимида ўрганди ва умумий 1,7 миллиондан ортиқ йиғилган жавобларни таҳлил қилди. Киллингсвортнинг хулосаси бошқача бўлди: даромад ошгани сари бахт ҳам ошишда давом этади ва 75 минг долларлик қатъий чегара мавжуд эмас. Кейинчалик Каҳнеман ва Киллингсворт биргаликда иш олиб боришди ва инсонларнинг тахминан 80 фоизи учун оддий қоида ишлайди деган хулосага келди: пул қанча кўп бўлса, бахт ҳам ошиб бораверади. Бироқ бу таъсир ҳар хил одамлар учун турлича намоён бўлади. Эмоционал жиҳатдан беқарор одамлар учун бахт ҳисси даромад йилига 100 минг долларгача тез ўсади, ундан кейин таъсир камаяди. Аллақачон ҳаётидан қониқадиган одамлар учун эса бахт ҳисси айнан шу даромад чегарасидан кейин тезроқ ошади.

10 миллион доллар

Бундан 4 йил олдин Бат университети психологлари гуруҳи ҳам доктор Пол Бейн раҳбарлигида кенг кўламли тадқиқот ўтказади. Унда Франция ва Саудия Арабистонидан тортиб Уганда ва Ветнамгача бўлган 33 мамлакатдан қарийб 8 минг киши қатнашади. Иштирокчиларга шундай савол берилди: «Лотереядан қанча пул ютсангиз мутлақо бахтли ҳаётга эришган бўлардингиз?» Танлов имконияти жуда кенг эди: 10 минг доллардан 100 миллиард долларгача. Қизиғи шундаки, энг катта суммани деярли ҳеч ким танламаган. Қатнашчиларнинг 86 фоизи 10 миллион доллар ёки ундан камроқ маблағ ҳам етарли эканини билдирган. Айримлар янада оз миқдор – 1 миллион доллар билан ҳам ўзларини дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳисоблашга тайёрлигини маълум қилган.

Тадқиқотчилар хулосасига кўра, пулга нисбатан чексиз эҳтиёж бутун жамиятга эмас, балки ундаги жуда кичик бир гуруҳга хос хусусият.

Пул одамларни олдингидан кўра бахтлироқ қиляпти

АҚШда ўтказилган бир қатор сўровномалар шуни кўрсатадики, даромад ошгани сари инсоннинг бахт ҳисси ҳам ортиб боради. 1972 йилдан 2016 йилгача давом этган кузатувларда тадқиқотчилар пул ва бахт ўртасидаги боғлиқлик қандай ўзгарганини ўрганишади. Натижада қизиқ хулоса пайдо бўлди: вақт ўтган сари бахтнинг молиявий омилларга боғлиқлиги ошиб боряпти. Яъни бугунги кунда пул одамга олдингига қараганда кўпроқ бахтли яшаш имкониятларини бериши мумкин. Бунинг асосий сабаби сифатида даромадлар ўртасидаги тафовутнинг кескин ошиб бораётгани келтирилади. Тадқиқот муаллифларидан бири, Сан-Диего университети психологи Жан Твенг 2016 йилга келиб айрим компания раҳбарлари ўртача ходимга қараганда 271 баравар кўп даромад олаётганини қайд этган. Бу 1978 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 30 баравар кўп.

Бахт даражасига таъсир қилувчи яна бир муҳим омил — оила. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, одатда турмуш қурган одамлар ёлғиз яшайдиганларга қараганда бахтлироқ бўлади. 1970 йилларда турмуш қуриш даражаси турли ижтимоий қатламларда деярли бир хил бўлган. Аммо йиллар ўтган сайин юқорироқ даромад ва яхши таълимга эга одамлар кўпроқ оила қура бошлаган. Шу сабабли даромад, таълим ва оилавий ҳолат инсоннинг бахт ҳиссига аввалгидан кўра кўпроқ таъсир қиляпти.

Маслоу назариясига кўра, пул асосан пирамиданинг пастки босқичларидаги эҳтиёжларни қондиришга ёрдам беради. Масалан, овқат, уй-жой, соғлиқ ёки хавфсизлик каби эҳтиёжлар учун маблағ муҳим. Шу сабабли даромади жуда кам бўлган одам учун пул бахт ҳиссини анча ошириши мумкин. Аммо инсоннинг асосий эҳтиёжлари қондирилгач, пулнинг бахтга таъсири аста-секин камаяди. Юқори босқичларда одамлар кўпроқ ўзаро муносабатлар, ҳурмат, шахсий қизиқишлардан маъно излай бошлайди.

Давлатлар кесимида бахтли яшаш нархи

АҚШнинг Пердю университети олимлари инсонлар ўзларини бахтли ҳис қилишлари учун қанча маблағ кераклиги борасида тадқиқотлар олиб борганди ва 160 мамлакат рейтингини эълон қилганди.

2021 йилда эълон қилинган тадқиқотга кўра, ўзбекистонликлар ўзларини бахтли ҳис қилишлари учун йилига 21 960 доллардан кўпроқ маблағ топиши керак.

Бахт учун энг кам пул «талаб қилинадиган» мамлакатлар эса Суринам (6 799 доллар), Аргентина (8 788 доллар), Ангола (8 921 доллар), Қирғизистон (8 997 доллар) ва Эрон (10 134 доллар) бўлганди.

Бу борада энг юқори кўрсаткичлар Бермуд ороллари (143,933 доллар), Австралия (135 321 доллар), Исроил (130 457 доллар), Швейцария (128 969 доллар) ва Янги Зеландия (128 844 доллар) аҳолисига тегишли бўлган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид