Ўзбекистон | 18:06
6161
3 дақиқада ўқилади

Жиззах ва Андижонда ЙПХ ходимлари қўлга олинди

Жиззахда ЙПХ ходими маст ҳолда машина бошқарганлик ҳолатини суд орқали ижобий ҳал этиб беришни айтиб, 700 доллар олганда тезкор тадбирда ушланди. Андижонда ҳам шу каби ҳолат кузатилди: ЙПХ ходими ЙТҲ бўйича суд тиббий экспертизаси хулосасини ўзгартириб беришни ваъда қилиб, 500 доллар сўраган.

Фото: ИИВ

Жиззах ва Андижон вилоятларида ЙПХ ходимлари қўлга олинди. Ҳар икки ҳолат коррупцияга қарши кураш тадбирлари жараёнида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан аниқланган ҳамда ДХХ ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Жиззахдаги ҳолат

Жиззах вилояти ЙҲХБ ходими, катта лейтенант Ф.М. фуқарога унинг танишига нисбатан маст ҳолда машина бошқарганлик учун расмийлаштирилган маъмурий баённомани суд орқали ижобий ҳал этиб беришни ваъда қилган. У ушбу “хизмати” эвазига 700 доллар олаётганда ушланган.

Шунингдек, суриштирув давомида мазкур маъмурий иш бўйича тўпланган ҳужжатларни қонуний чора кўриш учун ўз вақтида судга юбормаган бошқа бир ходимнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан катта лейтенант Ф.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 25,211-моддаси (пора беришда қасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижондаги ҳолат

2 март куни Бўстон тумани ҳудудида 21 ёшли А.Н. Gentra машинасида 5 ёшли болани туртиб юборган. Оқибатда бола тан жароҳати олган.

16 март куни ҳайдовчи А.Н.нинг отаси ДХХ Андижон вилоят бўйича бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ЙПХ катта инспектори, майор И.Ў. суд-тиббий экспертизаси хулосасини ўзгартириб, ишни ижобий ҳал этиб бериш эвазига 500 доллар талаб қилганини билдирган ҳамда унга қонуний чора кўришни сўраган. Ариза асосида 16 март куни тезкор тадбир ўтказилган. Унда И.Ў. талаб қилган 500 доллар пулни олгани, пуллар унинг хизмат хонасида экани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Жиззахда бир ойда икки ЙПХ ходими тезкор тадбирда ушланганди. Улардан бири маст ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирмаслик учун 1 500 доллар талаб қилган эди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид