Жаҳон | 12:26
14997
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Хоминаийнинг ўғли қандай қилиб ўлимдан қутулиб қолгани ҳақида хабар берди

Зарбадан сал олдин Мужтаба уйдан ташқарига чиққан. Эронлик расмийлардан бирининг айтишича, портлаш вақтида у «оёғидан енгил жароҳат олган». Америка томони эса буни шубҳа остига олмоқда.

Фото: AP

Эроннинг янги диний раҳбари Мужтаба Хоминаий АҚШ ва Исроилнинг 28 феврал кунги зарбасидан бироз олдин уйдан ташқарига чиққани туфайли омон қолган. Бу ҳақда Али Хоминаийнинг девони протокол хизмати раҳбари Мазоҳер Ҳусайний томонидан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондонларига йўлллаган мурожаат аудиоёзувига асосланиб The Telegraph хабар тарқатди.

Мужтаба Хоминаий ҳам рафиқаси ва ўғли билан бирга отаси жойлашган ўша комплексда эди. 28 феврал куни комплекс бўйлаб зарба берилди.

«Аллоҳнинг иродаси билан Мужтаба ҳовлига чиқишига тўғри келганди. Улар бинога қарата ракета учиришганда, у ташқарида эди ва юқорига қараб кетаётганди», – дейилади ёзувда.

Ҳусайнийнинг сўзларига кўра, Мужтаба «оёғидан енгил жароҳатланган». Унинг тасдиқлашича, зарбалар комплексдаги бир неча биноларга бир вақтнинг ўзида берилган ва Хоминаийлар оиласини тўлиқ йўқ қилишга қаратилган. Зарба оқибатида Мужтабанинг рафиқаси ва ўғли, шунингдек отаси Али Хоминаий ҳалок бўлди. 

Эронлик расмийлардан бири The Telegraph учун изоҳида ҳарбий қўмондонларда янги олий раҳбарнинг ҳолати ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтган.

  • Эронда 8 март куни Мужтаба Хоминаий мамлакатнинг янги раҳбари этиб сайлангани эълон қилинди. Аммо у 28 февралдан буён жамоатчиликка кўриниш бермади. Эрон ТИВ у урушнинг дастлабки кунида жароҳатланганини тасдиқлаган, аммо унинг ҳолати яхши экани маълум қилинган.
  • Эрондаги давлат нашрлари 2 март куни 28 феврал кунги зарба оқибатида Али Хоминаийнинг рафиқси Мансура Хўжаста ҳам ҳалок бўлганини хабар қилганди. Аммо бир неча кун ўтиб Fars агентлиги у тирик қолганини маълум қилди. 
  • Кувайтдаги «Ал-Жарида» газетаси 15 март куни Мужтаба Хоминаий айни вақтда Москвада даволанаётгани ҳақида хабар берди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумот юзасидан изоҳ беришни истамади.
  • АҚШ Мужтаба Хоминаийнинг манзили ҳақида маълумот берган шахсга 10 миллион долларгача мукофот ваъда қилган.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид