Соғлом ҳаёт | 23:20 / 18.03.2026
541
2 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб болалар семириши эпидемияси кузатилмоқда

Маълумот берилишича, Ўзбекистонда 5-19 ёшлилар орасида ортиқча вазнга эга бўлганлар сони 2 млн нафардан ортиқ бўлиб, 2033 йилга бориб бу кўрсаткич 3 млн нафарга етиши тахмин қилинмоқда. Мутахассислар сифатсиз овқатланиш, шакарни кўп истеъмол қилиш, жисмоний фаолликнинг камлиги ва ултра қайта ишланган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш болаларнинг семириб кетишига сабаб бўлаётганини айтишмоқда.

Фото: Getty images

Жаҳон семиришга қарши курашиш федерацияси (WOF) ҳисоботида маълум қилишича, бугунги кунда дунё бўйича 180 миллион нафарга яқин бола семиришдан азият чекмоқда. Тахминларга кўра, 2040 йилга бориб бу рақам 227 миллионга етади.

Ҳисобот ҳар йили 4 мартда нишонланадиган Бутунжаҳон семиришга қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилинди.

Болаларда ортиқча семириш нафақат турмуш даражаси юқори ва ўрта (Австралия, Греция, Аргентина), балки паст мамлакатларда ҳам (Папуа—Янги Гвинея, Албания, Алжир) кузатилмоқда.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда 5-19 ёшлилар орасида ортиқча вазнга эга бўлганлар сони 2 млн нафардан ортиқ бўлиб, 2033 йилга бориб бу кўрсаткич 3 млн нафарга етиши тахмин қилинмоқда.

Мутахассислар болалар семиришининг асосий сабабларини ҳам санаб ўтишди. Улар орасида — туғиш ёшидаги аёллар орасида семириш ва диабет, ҳомиладор аёллар орасида чекиш, чақалоқларни етарлича эмизмаслик, боғча ва мактабларда сифатсиз овқатланиш, шакар ва шакар ўрнини босувчиларни кўп истеъмол қилиш, жисмоний фаолликнинг камлиги ҳамда ултра қайта ишланган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш кабилар бор.

Федерация экспертлари ҳукуматларни болалар семиришининг асосий сабабларини бартараф этишга чақирди. Уларнинг таъкидлашича, самарали диагностика ва даволашни йўлга қўйиш, аёллар ва болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш, чекиш ва алкоголизмга қарши профилактикани кучайтириш зарур.

Шунингдек, мактаб ва боғчалардаги менюларни соғлом овқатланиш меъёрларига мослаштириш, болалар ва ўсмирлар орасида фаол ҳаёт тарзини ва жисмоний машқларни тарғиб қилиш тавсия этилмоқда.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид