Жаҳон | 09:46 / 18.03.2026
3955
3 дақиқада ўқилади

Эрон Ларижоний ҳалок бўлганини тасдиқлади

Теҳрондагилар Хавфсизлик кенгаши котиби, мамлакатда Али Хоминаийдан кейинги асосий шахс бўлган Али Ларижоний ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибидаги «Басиж» бўлинмаси қўмондони Ғуломризо Сулаймонийга бағишланган таъзия матни эълон қилинди.

Фото: Thaier Al-Sudani / Reuters

17 март, сешанба куни кечқурун жаҳон агентликлари хабар беришича, Эронда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳарбийлаштирилган “Басиж” тузилмаси қўмондони Ғуломризо Сулаймонийнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шунингдек, ўша куни Эрон Хавфсизлик кенгаши ҳам ушбу идора котиби Али Ларижонийнинг ўлими тасдиқлангани ҳақида хабар тарқатди.

Бундан аввал 16 март куни Теҳронга берилган “аниқ нишонли зарба” натижасида Ғуломризо Сулаймоний йўқ қилинганини Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) маълум қилган эди. Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса Али Ларижоний ҳам ҳаво зарбаси натижасида йўқ қилинганини айтган. Бироқ Эрон томонидан бу маълумотнинг расмий тасдиғи дарҳол берилмаган эди.

ИИМКга яқин деб ҳисобланадиган Эроннинг FARS ахборот агентлиги таъзия матнини эълон қилди. Унда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзолари, қайд этилишича, “шарафли ўлим”ни топган Ғуломризо Сулаймоний хотирасига эҳтиром билдирган. Шу билан бирга, ИИМК ўз қўмондонининг ўлими учун қасос олиш мақсадидан воз кечмаслигини ваъда қилган. Германиянинг dpa агентлиги мазкур таъзия матни мазмунини шу тарзда етказган.

Шунга ўхшаш хабар ИИМКнинг расмий сайтида ҳам эълон қилинган, деб ёзади Франциянинг AFP агентлиги. Журналистлар келтиришича, ушбу ҳужжатда Сулаймоний душманнинг “террорчилик ҳужуми” қурбони бўлгани айтилган.

“Басиж” Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига бўйсунади ва мафкуравий назорат ҳамда режимнинг ички хавфсизлигини ҳимоя қилиш вазифаларини бажаради. Айнан “Басиж” Эрондаги ҳукуматга қарши намойишларни бостириш билан шуғулланади. Европа Иттифоқи ИИМКни террористик ташкилот деб тан олган.

Али Ларижоний эса, The New York Times газетаси маълумотига кўра, Исроил ва АҚШ билан уруш бошланишидан сал олдин айнан у Ислом Республикасининг амалдаги раҳбари вазифасини ўз зиммасига олган. Мамлакатнинг ўша пайтдаги олий раҳбари Али Хоминаий 2026 йил бошидаги намойишларни бостириш ва урушга тайёргарлик кўриш вазифасини Ларижонийга топширган эди. У, шунингдек, Теҳроннинг асосий шериклари — Россия, Қатар ва Уммон билан алоқаларни сақлаб турган ва АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларни мувофиқлаштирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид