Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
WSJ: Россия Украинадаги уруш тажрибаси асосида Эронга ёрдам бермоқда
Украинадаги уруш давомида Россия Shahed туридаги дронлар технологиясини такомиллаштирди ва энди бу тажрибасини Эрон билан бўлишмоқда. Бундан ташқари, Москва Теҳронга сунъий йўлдош тасвирлари маълумотларини ҳам узатмоқда, деб ёзади WSJ.
Россия Ислом Республикаси билан ҳарбий ҳамкорлик ва Эроннинг АҚШ ҳамда Исроилга қарши урушида ахборот кўмаги кўламини кенгайтирди. Бу ҳақда Америкадаги онлайн нашр The Wall Street Journal 17 март, сешанба куни хабар қилди.
Хусусан, Москва Теҳронга сунъий йўлдош тасвирларини тақдим этмоқда ва Эронга минтақадаги Америка қўшинларига зарба беришда ёрдам бериш учун учувчисиз учиш аппаратларининг такомиллаштирилган технологияларини узатмоқда. Нашрга кўра, бунда Россия Украинага қарши уруш тажрибасидан фойдаланмоқда.
WSJ манбаларининг таъкидлашича, Москва Теҳронга узатаётган технологиялар модернизация қилинган Shahed дронларининг таркибий қисмларига тегишли бўлиб, улар навигация, алоқа ва нишонни аниқлаш функцияларини яхшилаши керак. Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Россия Украинада дронлардан фойдаланиш тажрибасидан келиб чиқиб, Эронга операцияларда қанча дрон ишлатиш ва улар қайси баландликдан зарба бериши кераклиги ҳақида ҳам тавсиялар тақдим этмоқда.
Аввалроқ WSJ Россия Эронга Яқин Шарқ минтақасидаги АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий кучларининг жойлашуви ҳақида маълумот тақдим этаётганини ёзган эди. Нашрга икки манба — Европа давлатларидан бирининг юқори лавозимли разведка офицери ва номи очиқланмаган яқин шарқлик дипломат — айтишича, Эрондаги урушнинг илк кунларидаёқ Россия ва Ислом Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик янада чуқурлашган. Мақолада қайд этилишича, сўнгги вақтларда Россия сунъий йўлдош тасвирларини бевосита Эроннинг ўзига узата бошлаган.
Таҳлилчилар фикрича, Москва Теҳронга кўрсатаётган ёрдам сўнгги йилларда Америка ва Европа иттифоқчилари Киевга кўрсатган ёрдамга ўхшайди. Кузатувчиларнинг тахминича, айнан Россиядан олинган маълумотлар Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ радар тизимларига зарба беришда ёрдам берган. Жумладан, Иорданиядаги THAAD ракетага қарши мудофаа тизими, шунингдек AN/TPY-2 радарлари, шу билан бирга Баҳрайн, Кувайт ва Уммондаги нишонлар ҳам шулар жумласидандир.
Қайд этилишича, Эроннинг тактикаси — ракета ҳужумидан олдин радарларга дронлар ёрдамида зарба бериш Россиянинг Украинага қарши урушда қўллаётган усулини жуда эслатади.
Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Украинадаги уруш фонида кучайди. Киев маълумотларига кўра, кенг кўламли босқин бошланганидан буён Россия Украинада 57 000 дан ортиқ Эроннинг Shahed туридаги дронларидан фойдаланган. Айни пайтда бу турдаги дронлар Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда ва такомиллаштирилмоқда. Нашр таъкидлашича, Москва энди айнан шу такомиллаштиришлар билан Теҳронни таъминламоқда.
WSJ ёзишича, Кремл мақола эълон қилинган вақтга қадар бу маълумотга изоҳ бермаган. АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф аввалроқ маълум қилишича, Россия Эронга разведка маълумотлари билан ёрдам бераётганини инкор этмоқда. Ўз навбатида, Америка етакчиси Доналд Трамп Россия Эронга “бироз” ёрдам бераётган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирган.
Қайд этилишича, Эрондаги уруш Россия учун кўп жиҳатдан фойдали бўлди. Хусусан, унинг фонида АҚШдан Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб бериш қисқарди. Шу билан бирга, Эроннинг жаҳондаги нефт ва суюлтирилган табиий газ ташишида муҳим аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиши нефт нархларининг ўсишига олиб келди, бу эса Россия иқтисодиёти учун жуда манфаатли бўлди. Жаҳон бозорида ушбу ресурс нархини пасайтиришга эришиш мақсадида Трамп маъмурияти Россия нефтига нисбатан санкцияларни юмшатди.
WSJ ёзишича, Эрондаги уруш Россия нуқтаи назаридан салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин, айниқса Ислом Республикасидаги режим ағдарилса. “Бироқ Москва ҳали ҳам шеригига ёрдам бериш ва АҚШга зарба бериш имкониятини кўрмоқда”, — дея қўшимча қилади мақола муаллифлари.
Мавзуга оид
09:32 / 20.06.2026
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
09:17 / 20.06.2026
ОАВ: Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида сулҳ тузилди
09:02 / 20.06.2026
Нетаняҳу Трампга босим ўтказиши мумкин — АҚШ разведкаси
08:55 / 20.06.2026