Иқтисодиёт | 10:50 / 18.03.2026
1857
1 дақиқада ўқилади

Хитой Бухорода 75 млн долларлик “яшил” энергия лойиҳасини амалга оширади

Ўзбекистонда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ва энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Хитойнинг етакчи компанияларидан бири Бухоро вилоятида 75 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистон Бош консулхонасида Хитойнинг Soltenia Technology Introduction (STI) компанияси президенти ўринбосари Хао Жуи билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида мамлакатда қуёш иссиқлик энергияси ва замонавий энергия сақлаш технологияларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, STI компанияси ушбу йўналишда дунёдаги етакчи тузилмалардан бири ҳисобланади.

Хитой томони Бухоро вилоятида саноат парки учун интеграциялашган иссиқлик ва фотоэлектрик “яшил” энергия тизимини барпо этишга қизиқиш билдириб, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинди.

Шунингдек, компания Ўзбекистондаги саноат корхоналари ва объектларини қуёш энергияси билан таъминлашга қаратилган, қиймати 50 миллион долларлик яна бир лойиҳани ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Ушбу ташаббуслар мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш, энергия самарадорлигини ошириш ва ҳудудларнинг энергетик мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид