Кўчмас мулк | 08:47
1080
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тартиби белгиланмоқда

Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолаш жараёнини тартибга солишга қаратилган техник йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда объектларни гуруҳлаш, зоналаштириш, қийматини аниқлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилмоқда.

Фото: Kun.uz 

Лойиҳага кўра, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш ишлари Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан амалга оширилади.

Ҳужжатда оммавий баҳолаш — ўхшаш тавсиф ва хусусиятларга эга объектларни гуруҳлаштириб, уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш жараёни сифатида белгиланган.

Техник йўриқномага мувофиқ, оммавий баҳолашни ўтказиш бир неча босқични ўз ичига олади. Жумладан, объектлар бўйича маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, уларни гуруҳлаш, ҳудудларни нарх ва баҳолаш бўйича зоналаштириш, нарх шакллантирувчи омиллар ҳамда коэффициентларни белгилаш ва шундан сўнг объект қийматини ҳисоблаш назарда тутилган.

Лойиҳада объектлар учта асосий гуруҳга ажратилиши белгиланмоқда: кўп квартирали уйлардаги турар жойлар, якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар. Зарур ҳолларда улар қўшимча кичик гуруҳларга ҳам бўлиниши мумкин.

Шунингдек, кўчмас мулк бозори маълумотларини тўплашда электрон савдо платформалари, нотариал битимлар, риэлторлик ташкилотлари, тижорат банклари ва бошқа очиқ манбалардан фойдаланиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳада объект қийматига таъсир қилувчи асосий омиллар ҳам аниқ кўрсатилган. Улар қаторида жойлашув, қурилиш материали, умумий майдон, қават, таъмирланганлик даражаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланганлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага яқинлик каби мезонлар бор.

Ҳужжатга кўра, оммавий баҳолаш натижалари Агентликка тақдим этилади ва тасдиқланганидан сўнг расмий веб-сайтга жойлаштирилади. Мулкдорлар ўз объектларининг қиймати ҳақидаги маълумотни кадастр рақами орқали олиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, оммавий баҳолаш натижаларидан норози бўлган мулкдорлар ва бошқа манфаатдор шахслар Ижро этувчи орган ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бундай мурожаатлар махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур йўриқнома кўчмас мулкни оммавий баҳолаш жараёнини ягона тартиб асосида амалга ошириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ва объектлар қийматини бозорга яқинлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид