Кўчмас мулк | 12:18
926
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кўчмас мулк бозори: нархлар қандай ўзгаряпти?

2026 йилнинг феврал ойи якунларига кўра, иккиламчи уй-жой нархлари йиллик ҳисобда 9 фоизга қимматлашди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (22 фоиз), Сирдарё (+19,3 фоиз) ва Жиззах (+16,3 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Тошкент шаҳрида янги уйларнинг нархи (+11,5 фоиз) иккиламчи бозорга (3,2 фоиз) нисбатан тезроқ ошяпти.

Фото: Kun.uz 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил феврал ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори динамикасига оид янгиланган таҳлилни эълон қилди.

Баҳолашларга кўра, ўтган ойда республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари қарийб 4 фоизга ошиб, 29,7 мингтани ташкил этди. 2025 йилнинг шу даврига нисбатан тузилган битимлар сони 7,2 мингтага кўпайиб, ўсиш суръати 32,4 фоиз бўлган.

Ўтган йилнинг февралига нисбатан энг сезиларли ўсиш Навоий вилояти (+53 фоиз), Тошкент шаҳри (+49 фоиз) ва Сирдарё (+39 фоиз) вилоятида қайд этилган.

Январ ойига нисбатан эса ҳудудлар бўйича энг юқори ўсиш Тошкент вилоятида кузатилиб, бу кўрсаткич 25 фоизга ошган. Навоий вилоятида ўсиш 22,6 фоиз, Сирдарё вилоятида эса 13,4 фоиз бўлган.

Феврал ойида барча битимларнинг қарийб учдан бир қисми пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келди. Тошкент шаҳрида ой давомида олди-сотди битимлари ҳажми 1,4 фоизга ошиб, тахминан 8,9 мингтани ташкил этган.

Иккиламчи уй-жой бозори

Ой якунларига кўра, иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиш суръатининг бироз секинлашгани кузатилди. Хусусан, пойтахтда феврал ойида нархлар тахминан 1 фоизга ошди. Айни пайтда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иккиламчи уй-жой нархлари ўртача ҳисобда қарийб 9 фоизга қимматлашган.

Йил давомида нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (22 фоиз), Сирдарё (+19,3 фоиз), Жиззах (+16,3 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (15,9 фоиз) қайд этилган.

Тошкент кўчмас мулк бозори

Тошкент шаҳри иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метр кўчмас мулкнинг ўртача нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 3,2 фоизга ошди.

Энг сезиларли ўсиш Миробод (7 фоиз), Яккасарой (5,6 фоиз), Шайхонтоҳур (5,4 фоиз) ва Чилонзор (5,3 фоиз) туманларида қайд этилган.

Бирламчи бозорда бир квадрат метрнинг ўртача нархи ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан 11,5 фоизга қимматлашди. Нархларнинг энг юқори ўсиши Миробод туманида қайд этилиб, бу кўрсаткич 18 фоиз бўлди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида нархлар 15,4 фоизга, Юнусобод туманида эса 15,2 фоизга ошди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид