Ўзбекистон | 14:18
1109
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев стратегик шерикликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотида муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Мулоқот чоғида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда қўшма кооперация лойиҳалари изчил илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари Яқин Шарқдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Унинг янада кескинлашиши кенг минтақа учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши, жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди. Шу муносабат билан вазиятни сиёсий-дипломатик воситалар орқали тез фурсатда юмшатиш зарурлиги қайд этилди.

Суҳбат давомида бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид